Жаҳон | 07:50 / 29.10.2025
4467
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ҳаво сифатини яхшилаш учун сунъий ёмғирни қўллайди

Ҳиндистон расмийлари Деҳлида бўғувчи смогга қарши курашиш мақсадида сунъий ёмғир ёғдиришни режалаштирмоқда. Деҳлидаги ҳукумат раҳбари таъкидлашича, 23 октябр куни ўтказилган синовлар муваффақиятли якунланган. Бироқ об-ҳаво шароити режага тўсқинлик қилиши мумкин.

Фото: EPA

Ҳиндистон пойтахти мунтазам равишда экологик аҳволи энг ёмон шаҳарлар рейтингига киради. Октябр охирида ҳаво ифлосланиши «соғлиқ учун хавфли» даражага етди. Вазият «Дивали» — «Олов фестивали»дан сўнг янада ёмонлашган: байрам пайти оммавий тарзда петардалар ишлатилиши ҳолатни мушкуллаштирди.

Деҳли бош вазири Реха Гуптанинг маълум қилишича, ҳавони сунъий ёмғир технологияси ёрдамида тозалашга уриниб кўрилади. Эксперимент 28–30 октябр кунлари, об-ҳаво имкон берса, ўтказилади. Гупта қайд этишича, 23 октябр куни булутларни уруғлашга тайёргарлик якунланди ва экспертлар технологияни муваффақиятли синаб кўрди.

The Indian Express’нинг ёзишича, Какра ва Бурари орасидаги синов парвози тўрт соат давом этган. Шу вақтда пиротехник зарядлар ёрдамида кумуш йодид ва натрий хлориди булутларга сепилган.

Экология вазири Манджиндер Сингҳ Сирса тушунтиришича, осмонда булут бўлмаса, булутларни уруғлаш амалга ошириб бўлмайди. Унинг таъкидлашича, дастлаб булутлар ҳосил бўлиши шарт, шундан кейингина уруғлашни бажариш мумкин.

Булутларни уруғлаш (cloud seeding) технологияси одатда ёғингарчилик миқдорини ошириш учун қўлланади. Махсус моддалар сув томчилари конденсациясини кучайтириб, йирикроқ томчиларни ҳосил қилади ва ёғин тушишига туртки беради. Масалан, кумуш йодид каби микроскопик заррачалар булутга тушганда, улар муз кристалли ҳосил бўладиган марказга айланади: шу заррачаларда сув музлаб, майда музчалар пайдо бўлади ва кейинчалик ёғинга айланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид