Жаҳон | 14:36 / 29.10.2025
10306
2 дақиқада ўқилади

Полша Россиянинг разведка самолётини тутиб олди

РФнинг Ил-20 самолёти Болтиқ денгизи устидан транспондери ўчирилган ҳолда парвоз қилди ва парвоз режасини тақдим этмади. Полша ҲҲК уни ўз масъулият зонасидан чиқариб юборди. Полша ҳаво ҳудуди бузилмади.

Фото: X / DowOperSZ

Навбатчиликда бўлган МиГ-29 ҳарбий самолётлари 29 октябр куни Болтиқ денгизи устидан парвоз қилган Россиянинг Ил-20 самолётини визуал идентификация қилди, тутиб олди ва Полша масъулият зонасидан чиқариб юборди. Бу ҳақда Полша оператив қўмондонлиги X микроблоги орқали хабар берди.

Полша томони маълумотларига кўра, РФ самолёти халқаро ҳаво ҳудудида разведка вазифасини бажарган, транспондери ўчирилган ва парвоз режаси тақдим этилмаган. «Самолёт Полша ҳаво ҳудудини бузмаган», — дея таъкидланади хабарда.

Сўнгги ойларда Полша ва бошқа НАТО давлатлари ҳаво ҳудудида бир неча бор ноаниқ дронлар пайдо бўлиб, жумладан, халқаро аэропортлар фаолиятига ҳам халал берган.

Жумладан, 19 сентябр куни Эстония Мудофаа кучлари Бош штабига кўра, Россиянинг учта МиГ-31 самолёти Фин кўрфази устидан мамлакат ҳаво ҳудудига рухсатсиз кириб, у ерда 12 дақиқа бўлган. Бунга жавобан Эстония ТИВ РФнинг муваққат ишлар бўйича вакилини чақириб, нота топширди. РФ Мудофаа вазирлиги эса Эстония ҳаво ҳудуди бузилмаганини таъкидламоқда. Айрим кузатувчилар бундай ҳодисаларни Россия Ғарбга қарши олиб бораётган гибрид уруши билан боғлайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид