Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИда РФ активлари бўйича қарор йил охиригача қабул қилиниши мумкин
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Шимолий Европанинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари ЕИ декабр ойидаги саммитида Украинага ёрдам учун РФ активларидан фойдаланиш бўйича ечим топилишига ишонч билдирди.
Фото: AP / Jean-Francois Badias
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Шимолий Европа мамлакатлари раҳбарлари Украинага ёрдамни молиялаштириш мақсадида музлатилган Россия активларидан фойдаланиш масаласи юзасидан 2025 йил декабридаги ЕИ саммитида ечим топилишини кутмоқда. «Мен репарацион кредит ғоясини қатъий қўллаб-қувватлайман», — деди Дания бош вазири Метте Фредериксен сейшанба, 28 октябр куни, Швеция пойтахти Стокҳолмда ўтган Шимолий кенгаш доирасидаги йиллик мажлисда.
Дания ҳукумати раҳбарининг таъкидлашича, бундай чора унга «ягона йўл»дек кўриняпти: «Россия Украинага келтирган зарари учун тўлов қилиши ғояси менга маъқул. Мен учун репарация кўринишидаги кредитга муқобил вариант йўқ». У декабр ойидаги учрашувда Европа мамлакатлари «қандайдир қарорга келиши шарт»лигини ишонч билан айтиб ўтди. Швеция бош вазири Улф Кристерссон ҳам шундай деди: «Биз декабр ойидаги Европа кенгаши йиғилишида бу қарорни қабул қилишга қатъий бел боғлаганмиз».
Европа Иттифоқининг 23 октябр куни бўлиб ўтган саммитида, бошқалар қаторида, Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан Украинага кўп миллиардли репарацион кредит бериш имконияти муҳокама қилинган, аммо ўшанда консенсусга келинмаган эди. Активларнинг асосий қисми музлатилган Белгия бош вазири Барт Де Вевер масалани декабр ойидаги навбатдаги Еврокенгаш мажлисигача қолдиришни назарда тутувчи формулировкани қабул қилган.
Шундан сўнг Европа комиссияси мавзуни янада ишлаб чиқиш мандатига эга бўлди ва Урсула фон дер Ляйен қабул қилинган қарорни шундай талқин қилди: «Ҳаммамиз репарацион кредит бўлишига рози бўлдик, энди уни қандай амалга ошириш ва қайси вариант энг маъқул экани юзасидан келишишимиз керак». У Киевга бундай кредит бериш таклифини «ҳуқуқий жиҳатдан асосланган» деб атади.
ЕИ раҳбарияти режасига кўра, Европада музлатилган Россия Марказий банки активлари ҳисобидан Украинага жами 140 млрд евро миқдорида фоизсиз кредит берилиши мумкин. Бу маблағлар фақат ҳарбий харидларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Европа Иттифоқи позициясига биноан, Украина бу кредитларни Россия унга барча репарацияларни тўлаб бўлганидан кейингина қайтариши керак бўлади. Европа комиссияси маълумотларига кўра, ЕИ ҳудудида Россия Марказий банкининг тахминан 200 млрд евро активлари музлатилган, уларнинг катта қисми Брюсселдаги Euroclear қимматли қоғозлар депозитарийида сақланади.
Бундай ғояга Белгия ҳокимияти эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда — Брюссел активлардан фойдаланишнинг ҳуқуқий оқибатларидан ва евро учун эҳтимолий зарардан хавотирда. Кремл эса бу схемани активларни «мусодара қилиш» ва «ўғрилик» деб атади.
Мавзуга оид
16:40
«Европалик чўчқачалар қулашимиздан умид қилган» — Путин Байден маъмурияти ва европаликларни урушни бошлашда айблади
16:35
Россия Мудофаа вазирлиги: 2025 йилда Украинадаги урушга 11 трлн рубл сарфланади
16:08
Европарламент Россия газидан воз кечиш режасини тасдиқлади
13:39