Жаҳон | 13:05 / 29.10.2025
2593
4 дақиқада ўқилади

ЕИда россиялик хусусий инвесторларнинг қандай активлари музлатилган?

Борис Немцов жамғармаси ЕИда санкция қўлланмаган РФнинг хусусий инвесторлари активларининг музлатилиши ҳақида тадқиқот тақдим этди — ким зарар кўрди, қандай суммалар блокланган ва нега уларни ҳозир қайтариш деярли имконсиз?

Фото: Максим Стулов / Ведомости

Борис Немцов жамғармаси 29 октябр куни Украинага қарши Россиянинг тўлиқ масштабли босқинидан кейин Евроиттифоқда активлари музлатилган россиялик хусусий инвесторларга бағишланган тадқиқотни тақдим этди. Иш жамғарманинг Ideas for Russia илмий-тажрибавий ташаббуси доирасида амалга оширилган.

Санкциялар қўлланмаган инвесторлар — вазият гаровида қолган шахслар. Урушгача россияликларнинг хорижий қимматли қоғозлари — Американинг, Европанинг, Хитойнинг ва бошқаларнинг — асосан Белгиядаги Euroclear каби Европа депозитарийларида сақланган. Россия фонд бозори инфратузилмасига нисбатан жорий этилган санкциялар туфайли инвесторлар ўз қоғозларини сотолмайди ва улардан дивиденд ололмайди, аммо ҳуқуқий жиҳатдан мулкдорлик ҳуқуқи сақланиб қолган.

Euroclear’да музлатилган бундай активлар умумий ҳажми тахминан 12 миллиард еврога баҳоланади. Зарар кўрган инвесторлар сони беш миллион кишигача етиши мумкин.

Борис Немцов жамғармаси тадқиқотининг мақсадларидан бири — муаммонинг кўлами ва моҳияти ҳақидаги маълумотни Европа сиёсатчилари ва регуляторларига етказиш. DW тадқиқотнинг асосий натижа ва хулосаларини қисқача баён этди.

Муаллифлар очиқ манбаларни таҳлил қилди, Европа молия ташкилотларига сўровлар йўллади (нашр вақтида жавоб келмаган), Россиянинг йирик брокерларидан бири маълумотларини ўрганди ва активларига кириш имконини йўқотган бир неча юзлаб инвестор ўртасида онлайн-сўров ўтказди. Бундан ташқари, тадқиқот доирасида тўққиз эксперт ва шунча хусусий инвестор билан интервю ўтказилди.

Тадқиқот аввалдан очиқ маълумотларда кўрсатиб келинган ҳолатни тасдиқлади: активлари музлатилганлар орасида бой ва ўта бойлар эмас, балки оддий россияликлар устун. Уларнинг кўпчилиги жамғармаларини инфляциядан ҳимоя қилиш ва кексаликда таъминот учун турли молиявий инструментларга (акция, облигация, жамғарма улушлари ва ҳ.к.) сармоя киритган. Сўров иштирокчилари айнан шу сабабларни асосий деб атаган.

Тадқиқот учун маълумот берган брокернинг хабарига кўра, блоклаш унинг 233 минг мижозини қамраб олган. Қулфланган маблағлар умумий ҳажми — 81 миллиард рубл. Шу билан бирга, инвесторларнинг 82 фоизида музлатилган активлар суммаси 100 минг рублдан ошмайди. Яна 17 фоизида 100 мингдан 3 миллион рублгача бўлган маблағлар қулфланган. Фақат 1 фоиз мижоздагина 3 миллион рублдан ортиқ активлар бор.

Санкция рўйхатларига киритилмаган россиялик инвесторлар ўз активларини очишга уриниб кўриши мумкин. Бунинг тартиби ҳам мавжуд: у Белгия хазинаси (Belgian Treasury)дан — Euroclear фаолиятини тартибга солувчи орган — лицензия олишни назарда тутади.

Муаммо шундаки, бундай лицензияни қиммат адвокатлар ёрдамисиз олиш деярли имконсиз. Инвесторлар билан мулоқот қилган Борис Немцов жамғармаси ҳаммуассиси Жанна Немцованинг айтишича, юридик ҳамроҳлик харажатлари ўн минглаб еврога чиқади.

Активлари фақат бир неча минг еврога тенг бўлган кўпчилик жабрланувчилар учун бундай тартибнинг маъноси йўқ.

Агар муаммо атрофида жамоатчиликда жиддий муҳокама юзага келса, Белгия ва Люксембург давлат идораларини — маблағларнинг бир қисми Люксембургдаги Clearstream депозитарийсида ҳам музлатилган — адвокат хизматларини қўллай олмайдиган инвесторлар учун соддалаштирилган тартиб ишлаб чиқишга ишонтириш мумкин, дея умид қилди Жанна Немцова.

Шу билан бирга, Немцова ҳатто шундай механизм яратилган тақдирда ҳам ундан асосан Ғарб давлатларида яшашга рухсатномаси ёки фуқаролиги борлар фойдалана олишини тан олди. Сабаби — активлар очилганидан кейин ҳам уларни фақат Ғарбдаги брокерлик компаниясидаги ҳисобга ўтказиш мумкин.

Шунга қарамай, Россияда яшамайдиганлар улуши жабрланувчилар орасида анча юқори бўлиши мумкин. Тадқиқот доирасида ўтказилган онлайн-сўровда қатнашган 851 нафар респондентнинг 60 фоизи Россияда, қолгани эса чет элда яшайди. Муаллифлар таъкидлашича, бу қисман анкета тарқатиш усули билан изоҳланади. Шунингдек, чет элда яшаётган респондентларнинг салмоқли қисми 2022 йилда уруш бошланганидан кейин мамлакатни тарк этган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид