Жаҳон | 22:26 / 30.10.2025
14865
5 дақиқада ўқилади

Мерц ва Эрдўған канцлернинг Анқарага ташрифи чоғида Ғазо бўйича баҳслашди

Германия канцлери Фридрих Мерцнинг Туркияга илк ташрифи кескин саҳна билан якунланди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған билан музокаралардан сўнг, етакчилар қўшма матбуот анжуманига чиқди, у кутилмаганда Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши, Ғазодаги вазият туфайли очиқ баҳсга айланди.

Фото: Getty images

Мерц 30 октябрь куни миграция, мудофаа ва Ғазодаги вазият бўйича Германия ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни қайта тиклаш учун Анқарага борган эди, деб ёзди Die Welt. Аммо Ғазо масаласида етакчиларнинг фикри бир жойдан чиқмади.

Reuters хабарига кўра, Эрдўған Исроилни геноцидда, Ғазога қарши ядровий ёки бошқа қуролларни қўллаш билан таҳдид қилишда айблаб, Германия бу ҳаракатларни «кўрмаётгани ёки эътиборсиз қолдираётганини» таъкидлади.

Туркиянинг DHA нашри баҳс стенограммасини келтирди. Эрдўған бошиданоқ 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳужумидан кейин Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид сифатида таърифлади.

«Минтақавий ва глобал масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдик. Туркия бошиданоқ Ғазодаги геноцид масаласини халқаро кун тартибига қўйди. Биз ўт очишни тўхтатиш ва минтақага гуманитар ёрдам етказиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширдик. Мен бу ёвузликнинг такрорланишига йўл қўймаслик, минтақада мустаҳкам тинчлик гарови бўлган икки давлат тузиш тўғрисидаги қарор ҳақида ўз қарашларимизни баён этдим. Тикланиш жараёнига ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши, шунингдек, минтақага ёрдам узлуксиз етиб боришини таъминлаши кераклигини таъкидладим», деди Эрдўған.

Германия канцлери Мерц Исроилнинг Ғазога ҳужуми ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарди: «Биз мустаҳкам тинчликка интиламиз. Бундай қатъий қарорга ҲАМАС иштирокисиз эришиб бўлмайди. Биз Исроил ташкил топганидан бери уни қўллаб-қувватлаб келамиз. Бу мамлакат миллионлаб яҳудийлар учун бошпана. Германия ҳар доим Исроилни қўллаб-қувватлайди. Бу Исроилни танқид қилмаймиз, дегани эмас. Аввалги ҳукуматларимиз ҳам Исроилни танқид қилган. 7 октябрда, бизнинг фикримизча, Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланди. Ғазодаги болалар тақдири мени чуқур қайғуга солмоқда. Умид қиламанки, энди бунга чек қўйилади».

Мерцнинг ушбу баёнотидан сўнг, Эрдўған унга эътироз билдирди: «Афсуски, мен жаноб канцлер билан бир нарсада якдил эмасман. Аввало, минг афсуски, бу жараёнда 60 мингдан зиёд болалар, аёллар ва кексалар ҳалок бўлди. ҲАМАСда бомба, ядро қуроли йўқ. Аммо бу қуролларнинг барчаси Исроил ихтиёрида ва Исроил уларни, масалан, кеча кечқурун қўллаб, бу бомбалар билан Ғазога мақсадли зарбалар берди. Наҳотки сиз, Германия, буни кўрмаяпсиз? Наҳотки, сиз, Германия, буни тушунмасангиз?».

Туркия президенти Германия ва минтақа давлатлари бу ерда қирғинни тўхтатишга ўз ҳиссасини қўшишига умид билдирди.

«Ғазога ҳужум қилганда, Исроил ҳар доим уни очлик ва геноцид билан бирга жазолашга ҳаракат қилган ва бу давом этмоқда. Хавф мавжуд. Масалан, Ғазога озиқ-овқат етказиб беришга келсак, бизнинг Қизил Ярим Ой у ерда озиқ-овқат ёрдамини кўрсата олмайди. Қизил Хоч ҳамиша хавф остида. У ерга 100 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат ёрдамини етказиб беришга ҳаракат қилдик. Лекин бу етарли эмас. Бу ёрдамни давом эттириш жуда муҳим ва бу борада биз Германия Қизил Хочини ҳам, Қизил Ярим Ойни ҳам ишга солиб, бу геноцид ва очарчиликка барҳам беришимиз керак. Бу бизнинг инсоний бурчимиз ва ишонаманки, Германия, Туркия ва минтақа давлатлари бу ерда қирғинни тўхтатишга ўз ҳиссасини қўшади», деди Эрдўған.

Туркия раҳбари Исроил ва Ғазо ўртасидаги урушнинг тўхтатилишини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.

«Биз ҳар доим ҲАМАСга нисбатан зарур чораларни кўрганмиз. Ташқи ишлар вазири, мудофаа вазири ва разведка ҳамжамияти бу ерда бирор муаммо келиб чиқмаслиги учун доимий иш олиб бормоқда. Биз ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз ва менинг тегишли вазирларим бу борада кўрсатмалар олган, ушбу кўрсатмалар асосида ўз ҳамкасблари билан ишлашда давом этмоқда ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Биз Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг тўхтатилишини хоҳлаганимиз каби, Исроил ва Ғазо ўртасидаги урушнинг тўхтатилишини ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Туркия ва Германия бу борада биргаликда ишлай оладиган икки муҳим давлат эканига ишонаман», деди у.

Сўнгра матбуот анжумани йўналиши бошқа мавзуларга бурилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид