Жаҳон | 11:55 / 31.10.2025
1915
3 дақиқада ўқилади

Мерц Туркияга икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришни таклиф қилди

ГФР канцлери Туркияга биринчи расмий ташрифи билан келди. Анқарада президент Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашувда Мерц ихтилофларга қарамай Анқара билан мустаҳкам стратегик ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлади.

Фото: REUTERS

Германия федерал канцлери Фридрих Мерц мавжуд келишмовчиликларга қарамасдан Туркия билан икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш ва стратегик ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф этди. Немис ҳукуматини бошқариш лавозимида Анқарага амалга оширган биринчи ташрифи доирасида Мерц 30 октябр куни НАТО бўйича иттифоқдошни ташқи сиёсат ва хавфсизликнинг деярли барча масалаларида алмаштириб бўлмас ҳамкор, деб атади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашувда у Германия ва Европа учун ушбу мамлакат билан мустаҳкам стратегик ҳамкорликка муқобил йўл йўқлигини қайд этди ва Анқара билан Европа даражасида стратегик мулоқот уюштиришни таклиф қилди.

Мерц шунингдек Туркия билан мураккаб муносабатларни янги асосга қўйиш истагини таъкидлади. «Келинг, муносабатларимиздаги улкан салоҳиятдан келаси ойлар ва йилларда янада яхши фойдаланамиз, — деди у Эрдўған билан қўшма матбуот анжуманида. — Бунга жиддий асослар бор, зеро биз йирик давлатлар сиёсати белгилаётган янги геосиёсий босқичга кириб бормоқдамиз».

Бундан ташқари, канцлернинг фикрича, Германия ва Европа ушбу ҳамкорликда мужассам иқтисодий имкониятлардан ҳам яхшироқ фойдаланиши лозим. Мерц, жумладан, мигрантларни қайтариш масаласида Туркия билан ҳамкорликнинг аҳамиятини кўрсатиб, икки давлатнинг бу соҳада «бундан-да катта илгарилаш»га эришишни мақсад қилиб қўйганини таъкидлади.

Матбуот анжуманида Мерц Туркияда Эрдўған мухолифларига нисбатан таъқиб ва Истанбул мэри Акром Имомўғли ишини очиқ тилга олмади.

Туркиянинг ЕИга аъзо бўлиш истиқболларига тўхталаркан, у бир қатор тортишувли масалалар борлигидан «ташвиш» билдирди. Хусусан, Туркияда суд ҳокимиятининг мустақиллиги масаласи Европа Иттифоқи кутаётган мезонларга тўлиқ мос эмаслигини айтди ва бу «ҳозирги муҳокамалар мавзуси» эканини қайд этди. Мерц Копенҳаген мезонларини эслатиб, Туркияда қабул қилинган айрим қарорлар қонун устуворлиги ва демократия стандартларига мос келмаслигини билдирди.

Шу билан бирга, Мерц Туркияни «Европа Иттифоқи билан яқин боғланган» деб ҳисоблашини ва унинг Европа билан яқинлашувини исташини таъкидлади.

Матбуот анжуманида Мерц ва Эрдўған ўртасида Исроил ва Ғазо секторидаги уруш мавзусида баҳс юз берди. Мерц Исроилни қўллаб-қувватлаш баёноти билан чиқиш қилганидан сўнг, Эрдўған Исроил ҳокимиятини «геноцид»да айблади.

Туркияга келган Мерц ташриф расмий дастуридан ташқари ГФР элчисининг қароргоҳида фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. Ташриф олдидан қатор партиялар вакиллари канцлерни Туркияда тобора авторитарлашиб бораётган бошқарув шароитида демократия тамойиллари ва инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирган эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид