Ўзбекистон | 09:55 / 31.10.2025
4055
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 42 та маиший чиқинди полигони ёпилди

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиёт агентлиги ҳузуридаги дирекция республика бўйлаб полигонларни қисқартириш бўйича ишлар олиб борди. 2024–2025 йилларда жами 47 та полигонда рекултивация ва тупроқ қатлами билан ёпиш ишлари бажарилди, 42 тасининг фаолияти бутунлай тўхтатилди.

Фото: Kun.uz

Агентлик ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси томонидан турли ҳудудларда маиший чиқинди полигонларини қисқартириш, рекултивация қилиш ва ерларни табиий ҳолатига қайтариш ишлари амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2024 йил ҳамда 2025 йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жами 47 та полигонда рекултивация ва тупроқ қатлами билан ёпиш ишлари бажарилган. 2025 йил учун республика миқёсида режалаштирилган 18 та (81,68 га) полигондаги ишлар ҳам якунланган.

2024 йил кесимида: Қорақалпоғистонда — 1 та (11 га), Андижонда — 6 та (14,90 га), Бухорода — 1 та (0,50 га), Қашқадарёда — 5 та (19,15 га), Наманганда — 3 та (5,38 га), Самарқандда — 1 та (2,40 га), Тошкент вилоятида — 3 та (9,58 га), Фарғонада — 6 та (17,11 га), Хоразмда — 1 та (1 га).

Шу билан бирга, республика бўйлаб жами 42 та чиқинди тўплаш полигонининг фаолияти тугатилиб, 90 гектарга яқин ер майдони табиатга қайтарилди. Ҳозирда дирекция балансига 185 та маиший чиқинди полигони ўтказилган бўлиб, уларда босқичма-босқич оптималлаштириш ишлари давом этмоқда.

Кўрилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистон президентининг 2024 йил 4 январдаги 5-сон фармони, шунингдек «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг 72-банди ва 2025 йил 30 январдаги фармон (9-илова, 29-банд)да белгиланган мақсадларга мувофиқ амалга оширилмоқда. Унга кўра, маиший чиқинди полигонларини 2030 йилга қадар камида 50 фоизга, 2025 йил давомида эса 20 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид