Ўзбекистон | 09:05 / 01.11.2025
4715
2 дақиқада ўқилади

Мониторинг натижаси: электр ва газ бўйича нореал қарзлар тугатилди

Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, республика бўйлаб ўтказилган ўрганишлар натижасида электр ва газ таъминоти соҳаларида истеъмолчиларга нисбатан асоссиз ҳисоб-китоблар бекор қилинди, ортиқча ундирилган маблағлар қайтарилди. Самарқанд, Тошкент, Хоразм, Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида бир қатор ҳуқуқбузарликлар бартараф этилди.

Қўмита ахборотига кўра, Самарқандда Uzum Market МЧЖ ижарадаги нотурар жойига нисбатан асоссиз 40,2 млн сўмлик электр тўлови ҳисоблангани аниқланиб, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд филиали қўллаган қарздорлик нореал деб топилди ва қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Тошкент вилоятида «Сўқоқ» ўрмон хўжалигига кириш тўлови белгиланган 18 750 сўмдан асоссиз равишда 50 минг сўмга оширилгани учун махсус комиссия қарори асосида фуқародан ортиқча олинган қарийб 32 минг сўм қайтариш, бошқа истеъмолчиларга эса жами 21 млн сўмдан зиёд суммани қайта ҳисоблаш бўйича кўрсатма берилди.

Хоразмда фуқарога табиий газ бўйича асоссиз 2,1 млн сўм қарздорлик юклангани тасдиқланиб, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Хоразм филиалига қонун талаблари тушунтирилди ва қарз миқдори қайта ҳисобланди.

Жиззахда 2024 йил декабридан 2025 йилнинг етти ойигача суюлтирилган углеводород газ етказиб бериш жадвали ва шартларига риоя этилмагани аниқланиб, «Ҳудудгаз Жиззах» АЖ филиалига қонунбузилишларни бартараф этиш ва газни ўз вақтида етказиш бўйича кўрсатма берилди.

Шунингдек, Навоийда «Қизилтепа ун заводи» АЖнинг биржа талаби ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сон қарорига риоя этмагани учун иш қўзғатилиб, мажбурий кўрсатма берилди. Қашқадарёда «Деҳқонобод калий заводи» АЖ давлат харидлари танловида аффилланиш ҳолати аниқланиб, қонуний чоралар кўрилди.

Рақобат қўмитаси истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ортиқча ундирилган маблағларни қайтариш ва бозорда шаффоф рақобатни таъминлашга қаратилган мониторинг ва ўрганишларни изчил давом эттиришини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид