Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Белгия мудофаа вазири: дронлар F-16 ҳақида разведка маълумоти тўплаяпти
Белгия мудофаа вазирига кўра, ҳарбий базалар устидаги дронлар ядровий қурол ташиши мумкин бўлган F-16 қирувчиларининг жойлашуви ҳақида маълумот тўплаяпти. Келаси ҳафта у дронларга қарши курашиш тизимини жорий этиш режасини тақдим этади.
Фото: belganewsagency.eu
Белгия ҳарбий базалари устида учаётган дронлар қирувчилар ва ўқ-дориларга оид маълумот тўплаяпти. Бу ҳақда Белгия мудофаа вазири Тео Франкен 2 ноябр куни RTBF телеканалига маълум қилди.
«Улар (дронлар) жосуслик қилиш учун келяпти — F-16'лар қаерда, ўқ-дорилар қаерда жойлашгани ва бошқа стратегик муҳим маълумотларни қайд этиш учун», — деди Франкен.
Белгия мамлакат шимолий-шарқидаги Пер шаҳрида жойлашган НАТОнинг Кляйне-Брогел ҳаво базаси узра учувчисиз аппаратлар кўрилгани ҳақида хабарлар келиб тушгач, текширув бошлади. У ерда АҚШда ишлаб чиқилган, ядровий қурол ташиши мумкин бўлган Белгиянинг F-16 қирувчилари бор, шунингдек бу ерда F-35 самолётлари ҳам жойлаштирилади, деб ёзди Politico нашри.
Ушбу авиабаза октябр ойида алянс ҳудудини ядровий қурол билан мудофаа қилиш бўйича НАТОнинг йиллик машқлари учун фойдаланилган. Манёврларда тахминан 2 минг ҳарбий иштирок этган.
«Руслар бунга (ҳаво ҳудудига кириб бориш) барча Европа мамлакатларида уриниб кўряпти», — деган эди ўша пайт Франкен. Унинг сўзларича, Москва Кляйне-Брогел атрофидаги ҳодисага бевосита алоқадорми-йўқми — «айтиш қийин». «Аммо мотивлар аниқ, ва бундай ҳаракатларни амалга ошириш усуллари ҳам мутлақо равшан», — дея қўшимча қилди у.
Кутилишича, келаси ҳафта Белгия мудофаа вазири қиймати 50 млн евро бўлган миллий дронларга қарши чора-тадбирлар тизимини жорий этиш режасини тақдим этади. У аввалроқ Radio 1'га берган интервюсида пакет доирасида дронларни аниқлаш, уларни ишдан чиқариш тизимлари молиялаштирилишини айтган.
НАТОнинг шимолий-шарқий Белгиядаги авиабазаси устида илгари икки марта номаълум дронлар кўрилган. Дронлар пайдо бўлгани 2 ноябрга ўтар кечаси, шунингдек, ундан олдинги кечада аниқлаш тизими томонидан қайд этилган.
Шу билан бирга, дронлар билан курашувчи тизим дронларга самарали қарши тура олмаганига, эҳтимол, объектларгача масофа катталиги ёки радиосигнал частоталари нотўғри танлангани сабаб бўлиши мумкинлигини Франкен қайд этди. Дронни полиция вертолётлари таъқиб қилган, аммо бир неча километрдан кейин алоқа узилган. Текширув давом этмоқда, деди вазир.
Сўнгги ҳафталарда Белгияда бунга ўхшаш ҳодисалар бир неча маротаба қайд этилди. Октябр ойи охирида Марш-ан-Фамен (Леж жануби) ҳарбий базаси устида икки марта дронлар кўрилган. Мудофаа вазири «Белгия армиясининг юрагига қарши атайин режалаштирилган операция» ҳақида гапириб, тажрибали дрон пилотлари иш олиб борганини айтди. Октябр бошида эса мамлакат шарқидаги Элзенборн ҳарбий полигони устида 15 та дрон кузатилган.
Номаълум дронлар охирги вақтларда Германия, Дания ва Норвегия каби қатор Европа давлатларидаги ҳарбий объектлар ва аэропортлар атрофида ҳам кўп бора кўрилган. Бу ҳодисалар муносабати билан айрим аэропортлар вақтинча рейсларни қабул қилиш ва жўнатишни тўхтатган.
Мавзуга оид
13:48
Гомелдаги идиш-товоқ заводи РФ учун ҳарбий дронлар етказиб беряпти
00:35 / 01.12.2025
Белгия Россиянинг “музлатилган” пулларини Киевга бериш учун учта шарт қўйди – ОАВ
14:48 / 29.11.2025
Октябрда Германия ҳарбий базалари узра рекорд даражада дронлар қайд этилди
11:55 / 29.11.2025