Ўзбекистон | 11:11 / 03.11.2025
1539
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Туркия ижтимоий ҳимоя бўйича ҳукуматлараро битим тайёрламоқда

Анқарага хизмат сафари доирасида 2025 йил 27 октябр куни Ўзбекистон делегацияси Туркия Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлигида учрашув ўтказди. Томонлар миграция соҳасида доимий мулоқот ва ташкилий механизмларни йўлга қўйиш, шунингдек фуқаролар мақомини легаллаштириш масалалари бўйича келишувларга яқинлашди. Суҳбат натижасида ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳукуматлараро битим тайёрлаш бўйича ишчи жараён бошланди.

Фото: "Дунё" АА

“Дунё” АА маълумотига кўра, учрашув Туркия Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлигида ўтди. Турк томонидан вазир ўринбосари Фарук Ўзчилик иштирок этиб, миграция масалалари бўйича узлуксиз ва институционал мулоқотни йўлга қўйишга тайёрлигини маълум қилди.

Музокараларда Туркияда уй хизматчилари сифатида фаолият юритаётган, бироқ ноқонуний ҳолатда бўлган ўзбек фуқароларининг ҳуқуқий мақомини легаллаштириш, ҳужжатлаштириш жараёнларини соддалаштириш ва маслаҳат-ахборот ёрдамини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, қурилиш, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ҳамюртларнинг бандлигини қонуний асосда расмийлаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳукуматлараро битим тузиш имкониятини атрофлича кўриб чиқди. Туркия томони мазкур жараённинг ижобий якун топишига ишонч билдирди ва тегишли идоралар ўртасида ишчи гуруҳлар шакллантириш, муҳокама матнлари устида мувофиқлаштирилган тартибда иш олиб боришни таклиф этди.

Учрашув якунида миграцияни тартибга солиш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсиз, тартибли меҳнат муҳитини таъминлашга қаратилган амалий ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Томонлар яқин вақт ичида навбатдаги техник мулоқотларни ўтказишга келишиб олди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид