Жамият | 13:14 / 05.11.2025
3545
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда ноёб лемурни ноқонуний сотиш ҳолати фош этилди

Ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар асосида ўтказилган ўрганиш натижасида фуқаро М.И. томонидан ҳалқали қуйруқли лемур (Ring-tailed Lemur)ни сотиш мақсадида ноқонуний сақлаш ҳолати аниқланди. Ушбу тур CITES конвенциясининг I-иловасига киритилган бўлиб, уни тижорат мақсадида сотиш, экспорт ёки импорт қилиш қатъиян тақиқланган.

Фото: Тошкент шаҳар Экология бошқармаси

Тошкент шаҳар Экология бошқармаси хабарига кўра, ушбу ҳолатда фуқаро “Ҳайвонот дунёси тўғрисида”ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90- ва 92-моддалари (1-қисмлар) талабларини қўпол равишда бузган.

Белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, материаллар жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судига кўриб чиқиш учун юборилди. Олиб қўйилган лемур 3 ноябр куни Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча карантин шароитида сақлаш учун топширилган.

Бошқарма аҳолига эслатиб ўтди: CITES рўйхатидаги ҳайвон ва ўсимлик турларини ноқонуний сақлаш, кўпайтириш ёки сотиш қонун билан тақиқланади. Қонунбузарлик ҳолатлари аниқланганда, белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид