Жаҳон | 15:46 / 06.11.2025
4435
5 дақиқада ўқилади

Россия, АҚШ ёки Хитой: қуролланиш пойгасини ким бошлаяпти?

Бугун глобал майдонда ядро қуроллар синовлари масаласи яна энг муҳим ва долзарб мавзу сифатида қайта кўтарилди. Катта давлатлар ўртасида ишончсизлик кучайиб, синовлар ва баёнотлар сони ортмоқда. Россия, АҚШ ва Хитой ҳар бири ўз қудратини намойиш этишга уринмоқда. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар катта куч марказларининг қуролланиш пойгасига киришаётгани хусусида сўз юритади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ядро синовлар масаласини қайси томон авж олдиряпти?

Шуҳрат Расул: Америка Қўшма Штатлари талқинига кўра, ушбу ташаббуснинг бошловчиси шубҳасиз, Россия томони ҳисобланади. Трамп эса буни эшитган заҳоти “зудлик билан” ядро қуроллари синовларини бошлаш кераклигини айтган. Унинг фикрича, Россия бир эмас, икки маротаба шундай синовлар ўтказган. Сўнгги ўн кун ичида Россия томонидан “Буревестник” қанотли ракетаси ва “Посейдон” деб аталувчи ядро торпедасининг синовлари ўтказилган. “Посейдон” одатий торпедалардан ўн баравар катта бўлиб, у ядро каллак билан эмас, балки ядро моторига эга яъни унда кичик ядровий реактор ўрнатилган. Шу реактор қурилма мотор вазифасини бажаради. Айнан шу сабабдан АҚШ Россияни ядро синовлари ўтказганликда гумон қилди ва бунга жавобан Президент Трамп “зудлик билан ядро синовларини бошлаш” ҳақида буйруқ берди. Россия томони эса ўз навбатида: “Бизнинг синовларимизда ядро каллаги йўқ эди. Бу тўлақонли ядро портлаши эмас, балки ядро реактори ишлашини текшириш машқи эди”, деб изоҳ берди. Бироқ бу баёнот илгари Россия ўша қуролларни “ядровий реактор билан жиҳозланган” дея реклама қилганига зиддек туюлади. Бошқача айтганда, Россия ҳозир вазиятни юмшатишга уринмоқда. Президент Путин эса “масалани батафсил ўрганиш учун экспертлар комиссияси тузиш керак”лигини айтди. Умуман олганда, бу воқеалар аслида янги ядро қуролланиш пойгасининг бошланиши сифатида баҳоланмоқда.

Ҳамза Болтаев: Бу масалага фақат ядро қуроллари нуқтаи назаридан эмас, балки кенг ҳарбий-сиёсий контекстда қараш керак. Менинг фикримча, Трампнинг “зудлик билан ядро синовларини бошлаш” ҳақидаги баёноти ва кейинги эксперт мунозараларини инобатга олсак, асосий хавф Россия эмас. АҚШ учун энг катта стратегик таҳдид — Хитой. Пекиннинг ядровий имкониятларини ва уларни етказиб бериш технологияларини тез ривожлантираётгани, шунингдек бу технологияларни ишлаб чиқариб ҳарбийларга етказиш суръати жуда юқори. Таниқли мустақил ва давлатга боғлиқ таҳлил институтлари Хитой ядровий арсеналини 2035 йилгача тахминан 1500 тагача ядровий каллакка эга бўлиши мумкин деб баҳоламоқда. Бу ўртача, лекин жиддий хавотир уйғотувчи рақамлар, реал ўсиш ундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Хитой учун энг катта стратегик устунлик — қуролларни узоқ, хавфсиз ҳудудларда (масалан, Шинжон, Гоби саҳроси, ички Мўғулистон) жойлаштирилганлиги. Бундай шахталар бомбардимон қилинганда ҳам йўқ қилиб бўлмас даражада чуқур ва узоқда жойлашган. Иккинчи стратегик устунлик эса чалғитиш, яъни бир шахтада ҳақиқий қурол бўлса, унинг атрофида 15–20 та бошқа шахта бўлиши мумкин, қайси бирида қурол борлигини аниқлаш қийин. Россиянинг “Буревестник” ва “Посейдон” каби воситалари — асосан ядро қуролини ташувчи платформалар: улар ўзида каллак сақламайди, балки ташувчи технология сифатида аҳамиятга эга.

Синовлар масаласида гап кетганда, АҚШ суперкомпютер ва симуляция имкониятлари масаласида дунёда етакчи. Битта ҳақиқий портлаш ўтказишдан кўра симуляциялар миллион баробар арзон ва самарали ҳисобланади. Муайян суҳбатларда Россия ва АҚШ ўртасидаги масала кўтарилганда, кўпчилик Хитойга эътибор қаратмоқда, лекин Хитой стратегик қуролланишни аниқ очиқ эълон қилмайди. Унинг кўплаб илмий ва ҳарбий синовлари махфий ўтказилади, фақат маросимларда ёки парадда янги ракеталарини кўрсатди, масалан: DF-26 каби ракеталар очиқ синовлардан ўтган ва у Гуамга етиб бориш қобилиятини исботлаган. Хулоса қилиб айтганда, мен учун ҳақиқий эскалатор — Хитойнинг тезкор ва нисбатан яширин ядровий ривожланишидир.

Суҳбатни батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид