Жаҳон | 08:52 / 07.11.2025
2129
3 дақиқада ўқилади

Сўровнома: немисларни энг кўп миграция ва иқтисод ташвишлантиряпти

Германиялик сайловчилар сўнгги 10 йил ичида иқтисодий ва ташқи сиёсий вазият, шунингдек, ижтимоий барқарорлик сезиларли даражада ёмонлашган, деб ҳисоблайди. Бу ARD-Deutschlandtrend навбатдаги сўровномаси натижаларидир.

Фото: Christophe Gateau/dpa/picture alliance

Германиянинг ҳар учинчи катта ёшли фуқароси (32 фоиз) миграция ва қочқинларни мамлакат расмийлари, аввало, ҳал қилиши керак бўлган энг муҳим муаммо, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда жамоатчилик-ҳуқуқий ARD телеканали буюртмаси билан Infratest dimap институти ҳар ой ўтказадиган Deutschlandtrend сўровномасининг 6 ноябр куни эълон қилинган натижалари гувоҳлик беради.

Иккинчи энг долзарб муаммо сифатида немислар иқтисодиётдаги вазиятни кўрсатди. Буни таъкидлаган респондентлар улуши июлдан бери 7 фоиз пунктга ошиб, 28 фоизга етди. Бундан ташқари, ижтимоий адолатсизлик (18 фоиз), шунингдек, атроф-муҳит ва иқлим (14 фоиз) тез-тез тилга олинди — ҳар икки мавзу бўйича кўрсаткич июлга нисбатан яна 2 пунктга ўсган.

Кўплаб Германия фуқароларининг фикрича, сўнгги ўн йилда, яъни 2015 йилдан буён мамлакатда иқтисодий вазият (минус 56 фоиз пункт), ГФРнинг ташқи сиёсий ўрни (минус 36 пункт) ва ижтимоий барқарорлик (минус 37 пункт) сезиларли даражада ёмонлашган.

Сўровда қатнашган немис сайловчиларининг бор-йўғи 38 фоизи “Германиянинг ташқи сиёсий вазияти”ни “жуда хавфсиз” ёки “анча хавфсиз” деб баҳолаган — бу 2015 йил январ ойига нисбатан 36 пунктга кам. Германиянинг жаҳон иқтисодиётидаги ҳолати ҳақида ўйламайдиганлар 29 фоизгина, шу билан бирга 69 фоиз уни “анча беқарор” ёки “жуда беқарор” деб кўради.

Ҳозирда респондентларнинг чорак қисмига яқини — 27 фоиз — ўз болаларининг келажагини хавфсиз ёки жуда хавфсиз деб баҳолайди, 10 йил аввал бу кўрсаткич деярли икки баравар юқори — 51 фоиз эди.

Сўров қатнашчиларининг деярли ярми (48 фоиз) жамоат жойларида — кўчалар, майдонлар, боғлар, шунингдек, поезд ва автобусларда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди. 2017 йилда бу кўрсаткич тахминан икки баравар паст эди. Респондентларнинг 50 фоизи жамоат жойларида “анча хавфсиз” ёки “жуда хавфсиз” эканини айтди. Бу билан аёллар ўртасида хавф ҳисси эркакларга нисбатан юқорироқ (53 фоизга қарши 43 фоиз).

ARD-Deutschlandtrend сўровида 3–5 ноябр кунлари телефон ва интернет орқали 18 ёшдан юқори, сайлов ҳуқуқига эга 1300 нафар фуқаро иштирок этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид