Жаҳон | 12:01 / 10.11.2025
1132
2 дақиқада ўқилади

Ҳисобот: миллионлаб қочқинлар иқлим ўзгариши таъсиридан ҳам азият чекмоқда

2025 йили 117 млн инсон ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди. Уларнинг 86 млн нафари иқлим ўзгариши билан боғлиқ бўлган экстремал об-ҳаво ҳодисаларидан азият чеккан.

Фото: Mahmoud Issa/REUTERS

Сайёрада миллионлаб одамлар икки хил хавфга дуч келмоқда: урушлар туфайли ва иқлим ўзгаришининг оқибатлари сабаб. Шу билан бирга, кўпчилигининг бу таҳдидлардан қочиб қутулиш имкони ҳам йўқ. Шу ҳақда БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси (UNHCR) 10 ноябр куни Бразилиядаги Белен шаҳрида бошланаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP30) муносабати билан баёнот берди.

БМТ маълумотларига кўра, 2025 йили бутун дунёда ўз уйини тарк этган 86 млн киши иқлим ўзгариши билан боғлиқ экстремал об-ҳаво ҳодисаларидан, масалан, қурғоқчиликлардан азият чекди. Ташкилот маълумотларига қараганда, 2025 йилда уйини тарк этганлар умумий сони 117 млн кишига етди.

Тахминларга кўра, ҳар тўрт қочқин ёки бошқа мажбурий кўчирилган шахсдан уч нафари иқлим таҳдидларига алоҳида даражада таъсирчан мамлакатлар аҳолиси ҳисобланади. Шунингдек, қочқинлар учун барпо этилган кўплаб посёлкалар қаттиқ ва хавфли иқлим шароити ҳукм сурадиган ҳудудларда жойлашгани қайд этилган.

“Биз, асосан, жуда қашшоқ бўлган бу давлатларга зудлик билан ёрдам кўрсатишимиз керак. Уларнинг одамларни экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг оқибатларидан ҳимоя қилиш имкониятлари деярли йўқ”, — деди бу муносабат билан БМТнинг шерик ташкилоти бўлган UNO-Flüchtlingshilfe бирлашмаси директори Марк Анкерштайн.

БМТ баҳолашича, тошқинлар, довуллар ва бошқа экстремал табиий ҳодисалар, шунингдек, денгиз сатҳининг кўтарилиши, чўллашув каби секин кечадиган ўзгаришлар ҳам инсонларни уйларини тарк этишга мажбур этадиган инқирозли вазиятларни кучайтиряпти.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид