Жаҳон | 13:34 / 10.11.2025
1412
2 дақиқада ўқилади

Трамп Беларусда махсус элчи лавозимига Жон Коул номзодини кўрсатди

Минскдаги муваффақиятли музокаралар туфайли Жон Коул Беларусда 100 маҳбусни озод этишга эришди, ҳозир яна 50 нафари бўйича иш олиб бормоқда, деб таъкидлади Доналд Трамп.

Жон Коул Фото: Kacper Pempel / Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳуқуқшунос Жон Коулни Беларус бўйича махсус элчи лавозимига номзод сифатида илгари сурди. У бу ҳақда 9 ноябр куни Truth Social ижтимоий тармоғида ёзиб, Минскда сиёсий маҳбусларни озод этиш борасида музокаралар юритган Коулни АҚШнинг “энг машҳур ҳуқуқшуносларидан бири” деб атади.

“У аввалоқ 100 нафар асирдаги шахсни озод қилиш бўйича муваффақиятли келишувга эришди ва яна 50 нафарини озод эттиришни кўзлаяпти”, — деди АҚШ президенти. Трамп олдинроқ Беларус раҳбари Александр Лукашенкога маҳбусларни озод этиш масаласини кўриб чиққани учун миннатдорлик билдирди.

11 сентябр куни Минскка навбатдаги ташрифидан сўнг, Трампнинг махсус вакили ўринбосари Кит Келлог билан бирга Беларус раҳбари Александр Лукашенко билан учрашув ўтказган Жон Коул иштирокида 52 нафар сиёсий маҳбус — шу жумладан, 14 нафар хорижий фуқаро озод этилди. Уларнинг барчаси, сиёсий арбоб Николай Статкевичдан ташқари, Литвага чиқиб кетди.

АҚШ бу қадамни қўллаб-қувватлади ва Беларуснинг давлат авиакомпанияси “Белавиа”га нисбатан санкцияларни бекор қилишини билдириб, Минскдаги Америка элчихонаси фаолиятини қайта тиклашга ваъда берди. 4 ноябр куни АҚШ Молия вазирлиги “Белавиа”ни санкциялар рўйхатидан чиқарди ва Лукашенко оиласига тегишли самолётга оид операцияларга рухсат берди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид