Жаҳон | 21:38 / 12.11.2025
2292
2 дақиқада ўқилади

Фаластин давлати конституциясини ишлаб чиқиш бўйича қўмита тузилди

Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон ва Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос эълон қилди.

Фото: Reuters

Франция президенти Эммануэл Макрон 12 ноябрь куни Елисей саройида Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббосни қабул қилди. Макроннинг қайд этишича, у «Фаластин давлати президенти» билан музокаралар олиб борган. Аббос Париж Фаластин давлатини тан олганидан бери Францияга биринчи ташрифини амалга оширмоқда, деб ёзди Euronews.

«Биз биргаликда икки давлат - Исроил ва Фаластин тинчлик ва хавфсизликда ёнма-ён яшайдиган эртанги кунга тайёргарлик кўрмоқдамиз», деб ёзди Макрон ижтимоий тармоқда.

Музокаралар «Ғазодаги вазиятни барқарорлаштириш» ва «зарур ислоҳотларни» амалга ошириш орқали «Фаластин давлатини мустаҳкамлашга» қаратилган эди.

Эммануэл Макрон Маҳмуд Аббос билан учрашув якунлари бўйича қўшма баёнотда «Фаластин маъмуриятини урушдан вайрон бўлган Ғазо секторига тезроқ қайтишга» чақирди.

Франция президентининг фикрича, ислоҳотлар «Исроил ёнида яшовчан, демократик ва суверен Фаластин давлатини яратишнинг зарур шартидир». Икки давлат раҳбарлари Фаластин конституциясини ишлаб чиқиш бўйича «қўшма қўмита» ташкил этилишини эълон қилди.

Ўз навбатида, Маҳмуд Аббос Фаластин мухториятида ислоҳотларни, шунингдек, президентлик ва парламент сайловларини ўтказишга «содиқлигини» тасдиқлади.

Макроннинг аниқлик киритишича, сайловлар Ғазода «ўт очишни тўхтатишнинг иккинчи босқичига ўтганидан бир йил ўтгач» бўлиб ўтади. Биринчи босқич ҳали давом этмоқда. Макроннинг таъкидлашича, «барча Фаластин ҳудудларида, жумладан, Шарқий Қуддусда эркин, шаффоф ва демократик сайловлар ўтказиш» устувор вазифа ҳисобланади.

Аббоснинг Францияга таклиф этилиши яҳудийлар давлатида норозилик уйғотди. Исроилнинг Франциядаги элчихонаси эълон қилган баёнотда Маҳмуд Аббос «Францияни манипуляция қилаётгани» айтилади. Таъкидланишича, «Аббос Холокостни рад этади, 20 йил давомида ҳокимиятни ушлаб турган сиёсатчининг машҳурлик рейтинги эса 15 фоиздан кам».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид