Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мерц Зеленскийни коррупцияга қарши курашишга чақирди
Германия канцлери телефон орқали суҳбатда Украина президентини «коррупцияга қарши курашни ва кейинги ислоҳотларни, айниқса ҳуқуқий давлат соҳасида, қатъият билан илгари суришга» чақирди. Зеленский эса шериклар ишончини тиклашга ваъда берди.
Фото: REUTERS
ГФР канцлери Фридрих Мерц Украина президенти Володимир Зеленский билан 13 ноябр куни бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида уни «коррупцияга қарши курашни ва кейинги ислоҳотларни, айниқса ҳуқуқий давлат соҳасида, жадал равишда олға силжитишга» чақирди. Сиёсатчилар суҳбати «Энергоатом» Украина давлат компанияси атрофидаги коррупция можароси фонида бўлиб ўтди.
Ўз навбатида Зеленский Украина ҳукуматининг истеъфога чиққан аъзоларига нисбатан олиб борилаётган тергов жараёни ҳақида Мерцга маълумот берди ва «аҳоли, Европа шериклари ва мамлакатнинг халқаро донорлари ишончини қайта тиклашга қаратилган тўлиқ ошкоралик, антикоррупция органларини узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш, шунингдек, қўшимча шошилинч чоралар» ҳақида ваъда қилди, дейилади Германия ҳукуматининг расмий сайтидаги пресс-релизда.
Бундан ташқари, Украина раҳбари Фридрих Мерцга Германия кўрсатаётган кўмак, хусусан, ҳаво мудофаа тизими ва Украина энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилиш соҳасидаги ёрдам учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Украина президенти ва Германия ҳукумати раҳбари Европа ва трансатлантик шериклар билан яқин мувофиқлашган ҳолда ўт очишни тўхтатиш ва узоқ муддатли тинчликка эришиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олди, деб хабар қилди ГФР канцлери матбуот хизмати.
Ўз томонидан Мерц Германия Ғарбдаги шериклари билан биргаликда Москвага босим ўтказишни давом эттиришини, шу орқали Россияни жиддий тинчлик музокараларида иштирок этишга ундашга интилишини таъкидлади. Шу муносабат билан «Россия давлатининг музлатилган активларини самарали ишлатиш» бўйича иш давом эттирилади, дейилади ҳужжатда.
Суҳбатда кўтарилган яна бир мавзу украиналик қочқинлар вазияти бўлди. Хабарда айтилишича, Украина президенти Европа Иттифоқига кетаётган ёш украиналик эркаклар оқимининг ортиши билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.
Украина Миллий антикоррупция бюроси (НАБУ) ва Махсус антикоррупция прокуратураси (САП) шу ҳафта бошида «Энергоатом» Украина давлат компаниясида кенг кўламли коррупция схемаси фош этилгани ҳақида хабар берди.
НАБУ баёнотига кўра, «жиноий ташкилотнинг асосий фаолияти йўналиши “Энергоатом” контрагентларидан шартномалар қийматининг 10–15 фоизи миқдорида тизимли равишда ноқонуний даромад олишдан иборат бўлган. Жумладан, “Энергоатом” контрагентларига кўрсатилган хизматлар/етказиб берилган маҳсулот учун тўловларни тўсиб қўймаслик ёки етказиб берувчи мақомидан маҳрум этмаслик эвазига «откат» тўлаш шарти юклатилган».
НАБУ терговчиларига кўра, «Энергоатом»даги йирик коррупция схемасининг ташкилотчилари сифатида молиячи Александр Цукерман ва бизнесмен Тимур Миндич — Зеленскийнинг кўп йиллик ҳамкори ва «Квартал 95» студиясининг эгаси кўрсатилган. 13 ноябр куни Володимир Зеленский уларга нисбатан санкциялар жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Миндич ва Цукерман давлат мукофотларидан маҳрум этилди, Украинадаги активлари уч йил муддатга блокланди, савдо операцияларини амалга ошириш имконияти тўхтатилди. Шунингдек, Миндич ва Цукерманга Украинада ер участкаларини сотиб олиш тақиқланди.
10 ноябр куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Тимур Миндич уйида, «Энергоатом»да, шунингдек Украина адлия вазири Герман Галушченконинг хонадонида тинтув ўтказди. Бироқ Миндич бу жараёнлардан бироз олдин Украинани тарк этган.
12 ноябр куни кенг жамоатчилик муҳокамаси фонида Украина Давлат чегара хизмати Тимур Миндичнинг чегарадан ўтиши ҳолатини аниқлаш учун «ўз хизмат текширувини ўтказгани» ва чегарадан чиқиб кетиш қонуний бўлганини маълум қилди.
«У (Тимур Миндич — таҳр.) Украинадан чиқиб кетиш учун чегара пунктларидан бирида амалдаги қонунчилик меъёрларига мувофиқ расмий тарзда тегишли жараёндан ўтказилган. Ҳарбий ҳолат даврида чегарани кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатлари мавжуд эди. Алоҳида таъкидлаймизки, унга нисбатан Украинадан чиқиб кетишни тақиқловчи чекловлар белгиланмаган эди», — дейилади Украина Давлат чегара хизмати Facebook саҳифасидаги маълумотда. «Шунингдек, Украина Давлат чегара хизмати бирор бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органидан чегарада мазкур фуқарони аниқлаган тақдирда унга нисбатан чиқиб кетишни тақиқлаш, қидирув ёки давлат чегарасини кесиб ўтиш факти ҳақида хабар бериш тўғрисидаги топшириқларни олмаган».
Мавзуга оид
13:45
Кипр: Украина ЕИ Кенгашига раислик даврида устувор йўналиш бўлади
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
08:40
Мерц АҚШга Россиянинг музлатилган активларини беришга қарши чиқди
23:21 / 04.12.2025