Кўчмас мулк | 09:48 / 14.11.2025
1053
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда риелторлик ташкилотлари учун махсус стандартлар белгиланди

Кўчмас мулкни ишончли бошқариш бўйича барча хизматлар малака сертификатига эга ходимлари мавжуд риелторлик ташкилоти томонидан қонунчилик ҳамда тегишли хулқ-атвори кодексига мувофиқ тақдим этилиши белгиланди.

Адлия вазирлиги риелторлик ташкилотлари томонидан кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш фаолиятига қўйиладиган талабларни белгиловчи буйруқни давлат рўйхатидан ўтказди.

Қайд этилишича, риелторлик ташкилотлари кўчмас мулк объектларини мулкдорлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда бошқариш, ижарага бериш, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш, даромад ва харажатларни тақсимлаш каби хизматларни профессионал асосда амалга ошириши лозим.

Стандартларга асосан:

  • кўчмас мулк объектларини ишончли бошқаришнинг ташкилий жиҳатлари;
  • ишончли бошқарувчи ва мулкдор ўртасидаги ҳуқуқ — мажбуриятлар;
  • ишончли бошқариш шартномасини тузиш бўйича талаблар;
  • бошқарувнинг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш мезонлари белгиланди.

Таъкидланишича, кўчмас мулкни ишончли бошқариш бўйича барча хизматлар малака сертификатига эга ходимлари мавжуд риелторлик ташкилоти томонидан қонунчилик ҳамда тегишли хулқ-атвори кодексига мувофиқ тақдим этилади.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид