Ўзбекистон | 14:07 / 16.11.2025
4731
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга доим ўзгача туйғулар билан келамиз – Жапаров

Фото: Қирғиз республикаси президенти расмий сайти

Қирғизистон президенти Садир Жапаров бугун, 16 ноябр куни Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашувида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ҳар доимгидек самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаган.

«Аввало, Ўзбекистон Республикаси президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевга ҳар доимгидек самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдираман. Биз Марказий Осиёнинг чинакам бирдамлик муҳити сезилиб турган қардош Ўзбекистонга ҳар доим ўзгача кайфият билан келамиз.

Ўзбекистонлик биродарларимизни ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси Самарқандда муваффақиятли ўтказилгани билан табриклайман. Сессия 41 йил ичида биринчи марта Париждан ташқарида бўлиб ўтди, бу эса Марказий Осиёнинг халқаро гуманитар жараёнлардаги роли ортиб бораётганини тасдиқловчи чинакам тарихий воқеадир. Ўзбекистоннинг раислиги бутун минтақа учун самарадорлик, ташаббускорлик ва амалий натижаларга интилиш намунаси бўлди», – деган у.

Қирғизистон президенти минтақа олдида янги имкониятлар очилаётган даврда ўзаро ишонч ва бирдамлик руҳини сақлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини таъкидлаган.

Шу муносабат билан Садир Жапаров минтақа давлатларига «Марказий Осиё +» формати платформаларида, хусусан, бошқа давлатлар билан саммитлар арафасида ташқи сиёсат идоралари маслаҳатлашувларини ташкил этиш орқали позицияларни мувофиқлаштириш ва ягона фронт сифатида ҳаракат қилишни таклиф этган.

Шунингдек, иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш нуқтайи назаридан савдо-иқтисодий ва инвеститсиявий ҳамкорликни сифат жиҳатидан кенгайтириш умумий асосий вазифа эканини таъкидлаган.

Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига тўхталаркан, Садир Жапаров минтақада янги транспорт артерияси яратилаётганини таъкидлади.

Қирғизистон раҳбари туризмнинг иқтисодиётнинг муҳим тармоғи ва Марказий Осиё халқларини яқинлаштириш воситаси сифатидаги аҳамиятига тўхталиб, ўзаро ташрифлар сезиларли даражада ошиб бораётганини қайд этган.

У маданий-гуманитар ҳамкорлик барқарор ривожланаётганига эътибор қаратиб, келгуси йилда Қирғизистон олтинчи Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига мезбонлик қилишини маълум қилди ва минтақа мамлакатларининг ҳамкасблари ва спорт делегацияларини ушбу халқаро тадбирда иштирок этишга таклиф қилди.

«Ишончим комилки, биргаликдаги ирода ва машаққатли меҳнат туфайли биз Марказий Осиёни сиёсий ишонч аниқ иқтисодий натижалар ва маънавий бирлик билан мустаҳкамланган муваффақиятли минтақавий ҳамкорлик эталонига айлантира оламиз», – дейди у.

Учрашув якунида Садир Жапаров Ўзбекистоннинг самарали раислигини қайд этиб, Туркманистонга муваффақият тилаган ҳамда Қирғизистон эришилган барча келишувларни фаол қўллаб-қувватлаш ва илгари суришга тайёр эканини таъкидлаган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид