Жаҳон | 23:09 / 17.11.2025
2298
2 дақиқада ўқилади

«Балқаш» - Қозоғистонда биринчи АЭС номи овоз бериш орқали танланди

Мамлакатдаги биринчи атом электр станциясига ном бериш бўйича умумхалқ танлови якунланди.

Фото: Orda.kz

Қозоғистонда биринчи атом электр станцияси номи умумхалқ танлови орқали аниқланди. Овоз бериш жараёни 2025 йил 25 сентябрдан 10 октябргача eGov Mobile платформасида бўлиб ўтди.

Танлов комиссиясининг якуний йиғилиши натижаларига кўра, фуқаролардан энг кўп таклиф олган «Балқаш» атом электр станцияси» номи ғолиб деб топилди. Танланган ном атом электр станцияларини географик жойлашувига кўра номлаш бўйича халқаро амалиётга ҳам мос келади. АЭС айнан Балқаш кўли қирғоғидаги Улкен қишлоғи яқинида қурилади.

Танловда 16 ёшдан ошган 27 мингдан ортиқ қозоғистонлик иштирок этди. Ҳар бир иштирокчи битта номни таклиф қилиши мумкин эди.

Барча келиб тушган аризалардан 10 мингдан зиёд ноёб вариант танлаб олинди. Ишлов беришда турли ёзув шакллари - кирилл, лотин, шунингдек, синоним сўзлар ҳисобга олинди.

Танлов комиссияси йиғилишида энг оммабоп 100 ном кўриб чиқилди. «Балқаш» атом электр станцияси» номини 882 нафар фуқаро таклиф этди ва у оммабоплик бўйича якуний рейтингда биринчи ўринни эгаллаб, танлов ғолибига айланди.

Шунингдек, Танлов комиссияси рус ва инглиз тилларидаги номни ҳам аниқлади:

- Атомная электростанция «Балхаш»

- Balkhash Nuclear Power Plant

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид