Жаҳон | 09:31 / 17.11.2025
3797
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу яна Фаластин давлатини тузишга қарши чиқди

Бинямин Нетаняҳу Фаластин давлатчилигига нисбатан ўзининг принципиал қаршилигини яна бир бор таъкидлади. Фикр ўзгармаган, деб билдирди у ўта ўнг вазирларнинг муайян позиция эгаллаш талабига жавобан.

Фото: Abir Sultan/AP

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу навбатдаги марта Фаластин давлатини барпо этишга қарши эканини айтди. 16 ноябр куни ҳукумат мажлисида сўзлар экан, у мазкур масала бўйича аниқ позиция эгаллашни талаб қилган ўта ўнг вазирлар чақириқларига жавобан фаластинликлар давлатини ҳудуднинг исталган қисмида тузишга қаршилиги ўзгармаганини қайд этди. «Менга ҳеч кимдан қўллаб-қувватлаш, твитлар ёки маърузалар керак эмас», — дея унинг сўзларини келтиради Reuters агентлиги.

Бундан олдин ўта ўнг партиялар вазирлари Бецалел Смотрич ва Итамар Бен-Гвир АҚШ президенти Доналд Трампнинг тинчлик режасини қўллаб-қувватловчи БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси лойиҳасида Фаластин давлатчилиги «йўли» ҳақидаги ифода пайдо бўлганидан сўнг, бош вазирдан Фаластин давлатини барпо этиш ғоясини рад этишни талаб қилган эди. Агар Нетаняҳу муайян чоралар кўрмаса, Бен-Гвир ҳукумат коалициясидан чиқиб кетиш билан таҳдид қилган.

Бинямин Нетаняҳу сентябр ойида Оқ уйга қилган ташрифи чоғида Трамп режасини қўллаб-қувватлашга рози бўлган, шундан бери у Фаластин давлатини тузиш имконияти масаласида очиқ фикр билдирмаган эди.

22 сентябр куни Франция президенти Эммануэл Макрон БМТ Бош Ассамблеясининг очилиш мажлисида мустақил Фаластин давлатини тан олганини эълон қилди. Бундан бир кун олдин худди шу ҳақда Буюк Британия, Канада, Австралия ва Португалия ҳам маълум қилган эди. Умуман олганда, 22 сентябр ҳолатига кўра, БМТнинг 153 аъзо давлати, шунингдек, Ватикан Фаластин мустақиллигини тан олиши қайд этилган.

ГФР ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Германия икки давлат тузиш тўғрисидаги музокаралар якунланмагунча Фаластин мустақиллигини тан олиш ниятида эмаслигини билдирди. Шу билан бирга, у бундай музокаралар «айни дамда бошланиши керак», деб таъкидлаб, бу исроилликлар ва фаластинликларга «тинчликда, хавфсизлик ва қадр-қиммат билан яшаш имконини бериши лозим»лигини қайд этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид