Жаҳон | 19:07 / 17.11.2025
6623
4 дақиқада ўқилади

Покровск назорати кимда? | “Геосиёсат”

Россия армияси Покровскда устунликка эришяпти, украинлар эса шаҳарнинг муайян қисмларида мудофаани давом эттиряпти. Аммо шаҳар учун жанг бурилиш нуқтасига етгани аниқ бўлиб улгурган. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар урушнинг энг қайноқ фронтидаги вазиятни муҳокама қилишди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жиддий тўқнашувлар давом этаётган Покровскда вазият қандай?

Анвар Йўлдошев: Шу ой бошидан Покровскдаги Украина қуролли кучлари шаҳарни деярли тарк этди ва асосан Димитровани ҳимоя чизиғи сифатида танлади. Ҳозир Покровскнинг катта қисми Россия қўшинлари назоратига ўтган. Бу ҳолатни нафақат маҳаллий аҳолининг ўзи, балки Украина ҳарбий раҳбариятининг бир қисми ҳам тан оляпти. Ўтган ҳафтада айтганимдек, Покровск амалда йўқотилган – ҳозир шаҳарда тозалаш операцияси олиб борилмоқда. Покровскнинг айрим ҳудудларида оз сонли 37- ва 25-дивизиянинг парчаланиб қолган қисмлари қолган. Асосий кучлар эса Димитровага чекинган.

Шаҳарнинг ўзида катта ҳарбий гуруҳлар қолмаган — фақат алоҳида жангчилар яширин ҳолатда бўлиши мумкин, уларнинг бир қисми эса ҳозир таслим бўляпти. Асирга тушаётган аскарларнинг ўзлари ҳам шуни тасдиқлаяпти: уларнинг таъминоти узилган, озиқ-овқат ҳам, қурол-яроғ ҳам, ёрдам ҳам етиб бормаяпти. Улар раҳбарият томонидан ташлаб кетилганини айтмоқда. Хулоса қилиб айтганда, Покровск амалда Россия назорати остига ўтган, жанглар эса фақат кичик нуқталарда давом этмоқда.

Шуҳрат Расул: Покровск атрофида жуда ғалати вазият юзага келган. Энг қизиғи шундаки, Россия оммавий ахборот воситалари ҳали расмий равишда “Покровск қўлга олинди” деб эълон қилгани йўқ. Россия ахборот манбаларини мунтазам кузатиб бораман: интернет нашрларидан тортиб, телеканалларгача. Ҳатто Соловёв ва Скабеева каби пропагандачилар ҳам ҳозирча Покровск тўлиқ эгаллангани ҳақида гапирмаяпти. Шунингдек, Украина ҳам расмий равишда “Покровск йўқотилди” деб айтмаган. Расман, жанглар ҳали ҳам давом этмоқда.

Биз аввал ҳам айтганимиздек, айни йўналишда Россия аскарлари сони тахминан ўн баравар кўп. Зеленский бир неча кун олдин шундай баёнот берди: “Покровскни ҳимоя қилиш ёки уни тарк этиш масаласини ҳарбий раҳбариятнинг ўзи ҳал қилади”. Шунга қарамай, генерал Сирский Покровскни топшириш ҳақида очиқ гапирмаяпти. Эҳтимол улар декабр бошига мўлжалланган учинчи мудофаа чизиғини мустаҳкамлашни кутяпти ва шундан сўнг режалаштирилган ҳолда чекиниш эҳтимоли бор.

Аммо шуни ҳам унутмаслик керак: агар Россия Покровскни тўлиқ эгаллаган тақдирда ҳам, бу 2022 йил октябрдан 2025 йил августигача босиб олинган ҳудуд фоизини сезиларли даражада ўзгартирмайди. Покровск – битта туман маркази холос. Бу муваффақият Россия натижасини 1 фоиздан 2 фоизга ошириб қўймайди (DeepState мониторинг гуруҳи маълумотига кўра, 2022 йил 12 ноябрдан 2025 йил августгача Россия қўшинлари яна ~5 842 км² ҳудудни эгаллаган, бу Украинанинг умумий ҳудудининг тахминан 0,97 фоизига тенг.)

Россия армиясининг мақсади – бутун Донбассни, жумладан вилоят марказларигача эгаллаш. Россия пропагандистлари “Z-блогерлар” очиқчасига шуни айтмоқда: “Донбассни олиш учун камида яна уч йил ва 1,5 миллион қурбон керак бўлади”. Уларнинг фикрича, бу уруш давомида ҳал қилувчи ютуқларга эришиш учун қанчалик катта ресурслар талаб этилиши ойдинлашиб бормоқда.

Суҳбатни батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид