Ўзбекистон | 13:50 / 17.11.2025
2333
2 дақиқада ўқилади

Сердар Бердимуҳамедов “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан мукофотланди

Кўксарой қароргоҳида Сердар Бердимуҳамедовга Ўзбекистоннинг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” ордени тантанали равишда топширилди. Мукофот қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшилган катта шахсий ҳисса эътирофи сифатида тақдим этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўксарой қароргоҳида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари нуфузли мукофотни топширар экан, ушбу қарор Туркманистон президентининг икки қардош мамлакат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашдаги ютуқларига нисбатан Ўзбекистон халқининг самимий ҳурмати ва эътирофининг намоёни эканини таъкидлади.

– Сиз отангиз, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Мамлакатингизда халқ фаровонлигини таъминлаш учун ишончли пойдевор яратаётган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда, – деди давлат раҳбари.

Жорий йилда Туркманистонда “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” ҳамда мамлакат Бетарафлигининг 30 йиллигига бағишланган йирик тадбирлар ўтказилаётгани алоҳида қайд этилди.

Сердар Бердимуҳамедовнинг кўп қиррали Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларини кенгайтиришга қўшган ҳиссаси мамнуният билан эътироф этилди. Жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда, йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улкан лойиҳа – “Шовот–Тошҳовуз” чегараолди савдо зонаси ишга туширилгани ҳам шерикликни янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди.

Энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Мазкур мукофот икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик рамзига айлангани қайд этилди.

Ўз навбатида, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон етакчиси ва халқига бундай юксак эътироф учун миннатдорлик билдирди ҳамда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш қатъий эканини таъкидлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид