Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда сув объектларининг давлат тилидаги рўйхати тасдиқланди
Ҳукумат қарори билан, республика бўйлаб 130 та сув объекти: дарёлар ва сойлар, кўллар ва булоқлар, шаршаралар ва сув омборларининг давлат тилидаги номлари тасдиқланди. Рўйхатда янги гидронимлар ҳам бор: Сассиқсой номи Шўрсув деб, Гаистон сел сув омбори Янгиқўрғон деб, Жиннидарё эса Зўғатасой деб ўзгартирилди.
Фото: Kun.uz
“Сув хўжалиги соҳасидаги айрим географик объектларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда янги ном бериш тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарор билан, Ўзбекистондаги айрим дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар, шаршаралар, сув омборлари ва сел сув омборлари рўйхати тасдиқланди.
Рўйхатдан жами 130 та сув объекти жой олган. Уларнинг катта қисми русча шаклдан ўзбекчага ўтказилмоқда.
Шунингдек, ном ўзгаришлари ҳам бор: масалан, Уйчи туманидаги Сассиқсой номли сел сув омбори бундан буён Шўрсув, Янгиқўрғондаги Гаистон сел сув омбори – Янгиқўрғон, Китоб туманидаги Жиннидарё номли дарё Зўғатасой деб аталади.
Рўйхатдаги объектларнинг номи бундан буён норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хариталар, иш юритиш ҳужжатлари ва хизмат ёзишмаларида ушбу қарор билан тасдиқланган шаклда ёзилади.
2 ой муддатда тегишли ҳужжатлар, хариталар, маълумотлар базаларига ўзгартиришлар киритилади.
Дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар, шаршаралар, сув омборлари ва сел сув омборларида ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминлаш вазифаси маҳаллий ҳокимликлар зиммасига юкланди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда республика бўйлаб 320 та темирйўл объектлари (вокзаллар, станциялар ва разъездлар) номлари ҳам давлат тили қоидаларига мувофиқлаштирилган эди.
Бир неча аввал эса тоғлар, тоғ тизмалари, чўққилар, даралар, довонлар ва ғорлар номларини давлат тилига мослаштиришга оид қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилганди.
Июл ойида Географик объектларнинг классификатори тасдиқланган. Шунингдек, Кўча номи ва кўчмас мулк объекти рақами кўрсаткичини ўрнатиш тартиби белгиланган.
Ҳукуматнинг бошқа бир қарорига асосан, 2025 йил 1 январдан эътиборан турар жой мажмуаларини қуришда объектнинг номи давлат тилида бўлиши талаби қўйилади. Бино паспорти, пешлавҳаси, қурилиш майдони атрофидаги вақтинча девор ва тўсиқлардаги барча ёзувлар ҳам ўзбек тилида бўлиши лозим.
Мавзуга оид
20:46 / 21.11.2025
“Бу сиёсий ўйин” – экспертлар Россиядан “дарё тортиб келиш”га нима дейди?
07:16 / 18.11.2025
Сайёранинг энг қудратли 30 дарёси: Амазонка мутлақ етакчи
07:30 / 12.11.2025
Бир қитъадан бошқасига: улкан дарёлар харитаси
07:55 / 26.10.2025