Жаҳон | 15:10 / 20.11.2025
13023
8 дақиқада ўқилади

Донбассни топшириш ва армияни қисқартириш. АҚШнинг янги тинчлик режаси ҳақида нималар маълум?

Бунинг эвазига Украина ва Европага хавфсизлик кафолатлари таклиф этилади.

Фото: Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг Россия-Украина урушини якунлаш бўйича янги режаси Донецк области ҳудудларини Россияга топшириш, АҚШ Қрим ва Донбассни Россияники деб тан олиши ҳамда Запорижжя ва Херсон областларида фронт чизиғини музлатишни назарда тутади. Вашингтон ишлаб чиққан келишув тафсилотлари ҳақида Axios, Reuters, Financial Times ва The Economist ўз манбаларига таяниб хабар берди. Нашр суҳбатдошлари таъкидлашича, янги режа «Кремлнинг максималистик талабларини ўз ичига олади», Украина ва унинг тарафдорлари эса буни «Россияга катта ён бериш» сифатида кўриши мумкин. «Медуза» бу ҳақда нималар маълумлигини кўриб чиқди.

Axios нашри маълумотига кўра, АҚШ маъмуриятининг янги тинчлик режаси 28 банддан иборат. Украинага қўшинларини Донецк области ҳудудларидан олиб чиқиш ва амалда Донбассни Россияга топшириш таклиф қилинмоқда. Шу билан бирга, Донецк ва Луҳанск областлари ҳарбийлардан холи ҳудудга айланади – РФ ҳам у ерга ўз армиясини жойлаштира олмайди.

АҚШ режасига кўра, Россия қисман аннексия қилган, лекин тўлиқ эгаллаб ололмаган Запорижжя ва Херсон областларида фронт чизиғи музлатилади. Келгусида Россия музокаралар орқали ушбу ҳудудларнинг бир қисмини Украинага қайтаради – бу айнан қандай бўлишига ойдинлик киритилмаган.

Режа АҚШ ва бошқа мамлакатлар (айнан қайси давлатлар экани келтирилмаган, гап катта эҳтимол билан Киевнинг Европадаги иттифоқчилари ҳақида боради) Донбасс ва Қримни расман Россияники деб тан олади, аммо Украина ҳам тан олишга мажбур қилинмайди.

Режа Украина қуролли кучлари сафларини қисқартиришни (Financial Times маълумотига кўра, икки бараварга, The Economist маълумотига кўра, икки ярим бараварга), шунингдек, Киевнинг Россиянинг ички ҳудудларига зарбалар беришга қодир бўлган узоқ масофали қуроллардан фойдаланиш имкониятини чеклашни ҳам ўз ичига олади. FT манбалари версиясига кўра, режа Украинага рус тилини мамлакатда расмий давлат тили сифатида тан олиш ва Рус православ черковига расмий мақом бериш мажбуриятини ҳам юклайди. Бундан ташқари, режада Украинада хорижий қўшинларни жойлаштириш тақиқланиши кўзда тутилган.

Axios нашри ёзишича, АҚШ бундай ён беришлар эвазига Россия яна ҳарбий тажовуз қилган тақдирда Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга ваъда бермоқда. Улар қандай бўлиши номаълум.

Ғарб нашрлари АҚШнинг янги режаси кўп жиҳатдан Россия урушни тўхтатиш учун илгари сурган талабларга мос келишини қайд этмоқда. Масалан, июн ойида Истанбулдаги музокаралар чоғида Россиянинг Украинага топширилган меморандумида ҳам шунга ўхшаш ултиматум бор эди.

Режани ишлаб чиқишда Россия ва АҚШнинг амалдаги ва собиқ амалдорлари, шунингдек, Қатар ва Туркия вакиллари иштирок этган. Axios маълумотларига кўра, АҚШ томонидан режани президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф илгари сурмоқда. Ўз навбатида, Украина раҳбари Володимир Зеленский Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеровни келишув бўйича учрашувга юборди. Муҳокама 15–16 ноябр кунлари бўлиб ўтган. Таъкидланишича, режага Умеровнинг кўплаб қўшимчалари киритилган. Учрашувдан олдин, октябр ойида Уиткофф Россия махсус вакили Кирилл Дмитриев билан режани муҳокама қилган.

Ғарб медиаси ёзишича, Украина бу режага рози эмас. Хусусан, шу сабабли Уиткофф, Зеленский ва Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан иштирокида Анқарада ўтказилиши (АҚШ ташаббусини муҳокама қилиш учун) режалаштирилган учрашув ўтказилмай қолди. Америка расмийсининг Axios’га айтишича, Украина етакчиси музокараларга Киев европалик иттифоқчилари билан биргаликда ишлаб чиққан ва «Россия ҳеч қачон қабул қилмайдиган» бошқа тинчлик келишуви режасини олиб келган. Нашрнинг Украинадаги манбаси таъкидлашича, учрашув қолдирилган, чунки Зеленский режани кенгроқ форматда, жумладан, Европа давлатлари иштирокида муҳокама қилишни сўраган. Шунингдек, музокаралар Украинанинг «Энергоатом» компанияси атрофида юзага келган коррупция можароси туфайли барбод бўлгани ҳақидаги версия ҳам бор.

Вашингтон Киев режадаги асосий қоидаларга рози бўлишига эришмоқчи, дейди Reuters манбалари. Оқ уйдагилар фикрича, агар уруш давом этадиган бўлса, Украина шундоқ ҳам Донбасс ҳудудини йўқотади, «шунинг учун ҳозир келишув тузиш Украина манфаатларига мос келади», деди Axios’га америкалик расмийлардан бири.

Трамп президентлик лавозимига қайтганидан сўнг, бу АҚШнинг Россия-Украина урушини тугатиш учун мумкин бўлган шартларни аниқлашга бўлган тўртинчи уринишидир, дея таъкидлайди «Агентство». Бир кун аввал Оқ уйнинг юқори мартабали вакили Politico нашрига урушни тўхтатиш бўйича доиравий келишув барча томонлар томонидан ноябр ойи охиригача, эҳтимол, «шу ҳафтадаёқ» келишиб олиниши мумкинлигини айтганди.

The Bell’нинг Кремлдаги алоқалар бўйича манбаси АҚШ таклифлари «режа эмас, балки яхши ниятдаги реал бандлар аралашмаси» эканини айтиб, бандларнинг бир қисми Украина учун мутлақо номақбул эканини таъкидлади. Аммо у режа пайдо бўлишининг ўзини, гарчи тинчликка ҳали узоқ бўлса-да, олға силжиш деб атади.

Ўз навбатида, Европадагилар сўнгги воқеаларга шубҳа билан қарашмоқда ҳамда Россия яна Украина бўйича янги «музокаралар» ташкил этиб, АҚШ ва Уиткофф билан «ўйнашиш»га ҳаракат қилмоқда, деб ҳисоблашади, деб таъкидлайди Bloomberg мухбири Алекс Уикҳэм.

«Европа бу музокараларда иштирок этмаяпти. Америка томонидан уларни ким қўллаб-қувватлаётгани номаълум. Бу Уиткофф –Дмитриевнинг Россия талабларига ён бериладиган навбатдаги ғояси бўлса керак», – деб ёзади журналист. Унинг сўзларига кўра, Европа расмийлари Россия АҚШга музокаралардан манфаатдорлигини кўрсатиш орқали санкциялардан қочишга ҳаракат қилмоқда, деб ҳисобламоқда.

Кремл тинчлик режаси тафсилотлари ҳақидаги хабарлар фонида Россия Истанбулда музокараларни давом эттиришга тайёрлигини яна бир бор маълум қилди. «Москва музокараларга очиқ. Пауза, аслида, Киев режими бу мулоқотни давом эттиришни истамаслиги туфайли юзага келди», – деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Туркияда ташриф билан бўлиб турган Володимир Зеленский мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга воситачилик қилгани ва «урушни ишончли ва муносиб якунлашнинг ҳақиқий йўли»ни муҳокама қилгани учун миннатдорлик билдирди.

«Биз Украинада шу йил бошидан буён президент Трампнинг барча қатъий қадамлари ва етакчилигини, бу урушни тугатиш бўйича ҳар бир кучли ва адолатли таклифни қўллаб-қувватлаймиз. Ва фақат президент Трамп ва АҚШ уруш ниҳоят тугаши учун етарли кучга эга. Президент Эрдўған бугун мен қўллаб-қувватлаган мулоқот форматларини таклиф қилди ва Туркия зарур майдонни тақдим этишга тайёр экани биз учун муҳим. Биз натижа бериши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай мазмунли форматларда ҳам ишлашга тайёрмиз», – деган Украина раҳбари.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид