Жаҳон | 21:48 / 24.11.2025
1535
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Венесуэла наркокартелини хорижий террорчилик ташкилоти деб тан олди

АҚШ маъмурияти Венесуэланинг Cartel de los Soles гуруҳини хорижий террорчилик ташкилотлари (FTO) рўйхатига расман киритди.

Фото: Reuters

Қарор Давлат департаменти томонидан 2025 йил 24 ноябрда эълон қилинди.

АҚШ Давлат департаменти ва Молия вазирлиги маълумотларига кўра, картел Венесуэланинг юқори мартабали ҳарбийлари ва амалдорлари билан боғлиқ. АҚШ картелни президент Николас Мадуро ва унинг режимидаги асосий шахслар бошқараётганини даъво қилади.

АҚШ версиясига кўра, гуруҳ АҚШ ва Европага гиёҳванд моддалар савдосини ташкил этиш учун Венесуэла давлат тузилмаларидан фойдаланмоқда.

2025 йил июл ойида АҚШ Ғазначилиги картелни халқаро террористик ташкилотлар (SDGT) рўйхатига киритиб, АҚШ ҳудудидаги барча эҳтимолий активларни музлатиб қўйган эди.

Cartel de los Soles (Қуёш юлдузлари картели) Венесуэла генералларининг погонларидаги рамзий белгилар билан боғлиқ бўлиб, бу ҳарбий хизматчиларнинг гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни акс эттиради. Экспертларнинг таъкидлашича, картел классик мафия тузилмаси эмас, балки армия, махсус хизматлар ва ҳукумат ичидаги коррупциялашган гуруҳлар тармоғи бўлиши мумкин.

Венесуэла ҳукумати Cartel de los Soles марказлашган тузилма сифатида мавжудлигини, Мадуро ёки унинг атрофидагиларнинг гиёҳванд моддалар савдоси билан ҳар қандай алоқаларини рад қилади. Шунингдек, АҚШ баёнотлари «сиёсий асосланган» ва «тўқима» деб атайди.

Картелнинг FTO рўйхатига киритилиши унга босим воситаларини сезиларли даражада кенгайтиради: ташкилот билан ҳамкорлик қилганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш, санкциялар қўллаш ва активларни музлатиш, Венесуэла амалдорларига халқаро босимни кучайтириш.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид