Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
РФнинг Тернопилга зарбаси: 34 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди
Тернопилда 19 ноябр куни Россия ҳужуми содир бўлган жойда қидирув-қутқарув ишлари якунланди. Турар жой уйларига берилган зарба натижасида 34 киши ҳалок бўлди. Олти киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Фото: Vlad Kravchuk/AP Photo/dpa
19 ноябр куни Тернопилга амалга оширилган Россия ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 34 кишига етди. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Тарас Пастух якшанба, 23 ноябр куни маълум қилди. «Биз шуни қайд этишимиз мумкинки, 34 киши ҳалок бўлган, улардан 33 нафарининг шахси аниқланди», — деди у Telegram’даги видеомурожаатида.
Пастухнинг сўзларига кўра, яна бир жасад эркакка тегишли, унинг шахсини мутахассислар аниқламоқда. Бедарак йўқолганлар сифатида олти киши — икки эркак, уч аёл ва бир бола рўйхатга олинган.
Кеча кечқурун — ҳужумдан сўнг тўртинчи куни — Тернопилда қидирув-қутқарув ишлари тўхтатилди. Пастухнинг айтишича, ҳозир полиция ходимлари уй қайси турдаги қурол билан йўқ қилинганини аниқлаш учун далиллар излаяпти.
«Бу Россиянинг Х-101 туридаги ракета зарбаси бўлган, деган тахмин бор, аммо тергов учун далиллар йиғиб олиниши лозим», — деди у. Пастух қўшимча қилишича, ушбу уйни кўздан кечириш жараёнида ҳозирча бедарак йўқолганлар деб ҳисобланаётган бошқа инсонларнинг жасади ҳам топилиши мумкин.
Чоршанбага ўтар кечаси, 19 ноябрда, Россия қўшинлари ракеталар ва дронлардан фойдаланиб Тернопилга қўшма зарба берди. Натижада тўққиз қаватли турар жой уйи қисман қулади, яна бир тўққиз қаватли уйга жиддий зарар етди.
Россия ҳарбийлари Тернопилда тинч аҳоли ҳалок бўлгани ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган. Шу билан бирга, РФ Мудофаа вазирлиги зарба ҳарбий-саноат мажмуаси ва энергетика объектларига берилганини иддао қилмоқда.