Жаҳон | 15:22 / 24.11.2025
2623
3 дақиқада ўқилади

Трамп ҳарбийларга чақириқ билан чиққан демократларга таҳдид қилди

АҚШ президенти Конгресснинг олти аъзосини хиёнат ва можаро қўзғатишда айблади. Улар ҳарбийлар ва разведка ходимларини ноқонуний буйруқларни бажармасликка чақирган эди.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳарбий хизматчиларни ноқонуний буйруқларни бажармасликка чақиргани фонида мухолифатдаги Демократик партиядан бўлган Конгресснинг олти аъзосига нисбатан яна бир бор қаттиқ таҳдидлар билан чиқди. «Менинг буйруқларимни бажармасликка чақирган ана ўша хоинлар ҳозир қамоқда ўтириши керак эди, фейк янгиликлар каналларида сайр қилиб юриб, айтган гаплари гўёки йўл қўйиш мумкин бўлган нарса бўлганини тушунтиришга уриниши керак эмас», — деб ёзди у шанба, 22 ноябр кечқурун Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Президент сиёсатчиларни «энг юқори даражада можаро қўзғатиш»да айблади. Унинг сўзларига кўра, уларнинг баёноти «ҳеч қандай бошқа талқинга йўл қўймайди».

Бундан олдин, пайшанба куни, Трамп сенаторлар ва Вакиллар палатаси аъзоларини ўлим жазоси билан қўрқитган ва уларни «хоинлар» деб атаган эди. У уларни «ўлим билан жазоланадиган хулқ-атвор»да айблаган.

Илгари армияда хизмат қилган ёки махсус хизматларда ишлаган уч аёл ва уч эркак видеомурожаат эълон қилиб, унда амалдор ҳарбий хизматчилар ва разведка ходимларини «ноқонуний буйруқларни» бажармасликка чақирган. Улар мисол сифатида Лос-Анжелесда намойишчиларга қарши Трамп — қўшинлар олий бош қўмондони сифатида — буйруғи билан ҳарбийлардан фойдаланиш ҳолатини келтирди. Шунингдек, АҚШ қуролли кучлари томонидан Лотин Америкаси қирғоқлари яқинида гумон қилинган гиёҳванд модда ташувчиларни ўлдириш амалиётлари кескин танқид қилинди.

Куч тузилмаларига қаратилган ушбу қўшма чақириқни МРБда ишлаган сенатор Элисса Слоткин, денгиз кучларида хизмат қилган ва астронавт бўлган сенатор Марк Келли, шунингдек турли вақтларда денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат қилган Вакиллар палатаси аъзолари Крис Делузио, Жейсон Кроу, Мэгги Гудлендер ва Крисси Хулахан имзолаган.

Демократик партия Трамп таҳдидларини «мутлақо жирканч» деб атади ва АҚШда янги сиёсий зўравонлик тўлқини хавфи борлигидан огоҳлантирди.

Мамлакатдаги сиёсий вазият ҳануз жуда таранглигича қолмоқда. Сентябр ойида Юта штатида бўлиб ўтган тадбир чоғида ўта ўнг қарашларга эга инфлюенсер ва Трамп тарафдори Чарли Кирк отиб ўлдирилган эди. Июнда эса демократик партия вакили Мелисса Хортман ўз уйида турмуш ўртоғи билан бирга ўлдирилган. Апрел ойида Пенсилвания штати губернатори — демократ Жош Шапиро резиденцияси ёқиб юборилди.

АҚШ Конституциясига кўра, кимки Қўшма Штатларга қарши уруш олиб борса ёки мамлакат душманларига ёрдам берса, бу давлатга хиёнат қилган ҳисобланади. Давлатга хиёнат учун ўлим жазоси, қамоқ ёки жарима тайинланиши мумкин. Аниқ жазо турини судлар белгилайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид