Ўзбекистон | 11:55 / 27.11.2025
4794
2 дақиқада ўқилади

Ҳарорат ўзгариши Тошкентда ҳаво ифлосланишини кучайтирди

2025 йил 27 ноябр куни соат 09:00 ҳолатига кўра олинган мониторинг маълумотларига кўра, Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосида РМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори рухсат этилган меъёрдан икки баравар юқори қайд этилди. Мутахассислар бу ҳолатга ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши ва инверсия жараёни сабаб бўлганини таъкидламоқда.

Фото: Ўзгидромет

2025 йил 27 ноябр куни соат 09:00 да атмосфера ҳавоси ифлосланишини кузатувчи автоматик станциялар маълумотлари асосида Тошкент шаҳри ҳаво сифати баҳоланди.

Мониторинг натижаларига кўра:

  • РМ10 майда дисперсли заррачалар миқдори 193,2 мкг/м³ ни ташкил этди ва рухсат этилган меъёр — 300 мкг/м³ дан ошмади;
  • РМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори эса 121,1 мкг/м³ даражада қайд этилди, бу белгиланган меъёр — 60 мкг/м³ дан 2,02 марта юқори.

Мутахассислар таъкидлашича, кўрсаткичларнинг кескин ошишига ҳаво ҳароратидаги ўзгаришлар ҳам катта таъсир кўрсатган. Ҳароратнинг кескин пасайиши ёки кўтарилиши натижасида атмосферада инверсия жараёни юзага келади. Бу ҳолатда ҳавонинг пастки қатламлари “қулфланиб” қолади, оқибатда майда заррачалар тарқалмасдан, муайян баландликда тўпланиб қолади ва уларнинг концентрацияси ошади.

Шу муносабат билан мутахассислар аҳолини, айниқса, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликлари бўлган шахсларни ҳаво ифлосланиши юқори бўлган вақтларда кўчада узоқ вақт юрмасликка, имкони бўлса ниқоблардан фойдаланишга ҳамда болалар ва кексаларни эҳтиёт қилишга чақирмоқда.

Атмосфера ҳавоси ҳолати юзасидан мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид