Жаҳон | 09:25 / 27.11.2025
5068
2 дақиқада ўқилади

Ҳонгконгда турар жой мажмуасидаги ёнғин: камида 44 киши ҳалок бўлди

Ҳонгконг шимолидаги Тай По туманида жойлашган Wang Fuk Court турар жой мажмуасида рўй берган йирик ёнғин оқибатида камида 44 киши ҳалок бўлди, яна 270 дан ортиқ фуқаро бедарак йўқолган сифатида қайд этилди. Бу ҳақда Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Жон Ли маҳаллий вақт билан 27 ноябрда тонгги матбуот анжуманида маълум қилди. 

Фото: Yan Zhao/AFP/Getty Images

Чоршанба куни кундузи бошланган ёнғин аввало бамбукдан ясалган қурилиш ҳавозаларини қамраб олган, шундан сўнг баланд қаватли уйларнинг ташқи қисми орқали тез суръатда ёйилган. Ўт камида саккизта бинодан бештасини тўлиқ ёки қисман қамраб олгани айтилмоқда. Мажмуада тахминан 4,5–4,8 минг киши истиқомат қилади. 

Ҳалок бўлганлар орасида ёнғинни ўчиришда иштирок этган бир нафар ўт ўчирувчи ҳам бор – у маълум бир вақтда жамоаси билан алоқани йўқотган, кейинчалик кучли куйиш жароҳатлари билан топилган. Ўнлаб одамлар жароҳат олган, улардан камида 40–60 нафари оғир аҳволда экани айтилмоқда. 

Vernon Yuen/Nexpher/ZUMA Press Wire/Shutterstock

Ҳокимият ёнғинга энг юқори – бешинчи даражали хавф тоифасини берди. Бундай тоифа Ҳонгконгда сўнгги марта 2008 йилда қўлланган эди, мутахассислар бу ҳодисани шаҳарнинг сўнгги ўн йилликлардаги энг ҳалокатли ёнғинларидан бири дея баҳоламоқда. 

Vernon Yuen/Nexpher/ZUMA Press Wire/Shutterstock

Расмий сабаб ҳануз аниқланмаган. Аммо ёнғиннинг бамбук ҳавозалар ва ташқи девор материаллари орқали ғайриоддий тез суръатда тарқалгани қайд этилмоқда. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, айрим аҳоли бугунга қадар қурилишда ишлаётган ишчиларнинг чеккани ҳақида шикоят қилиб келган. Полиция ёнғин билан боғлиқ ҳолда уч нафар эркакни гумонланувчи сифатида қўлга олган. 

Vernon Yuen/Nexpher/ZUMA Press Wire/Shutterstock

Ҳонгконг дунёнинг аҳоли энг зич яшайдиган шаҳарларидан бири бўлиб, юзлаб баланд қаватли уйлардан иборат. Илгари ўта ҳалокатли ёнғинлар кўп учрарди, аммо охирги ўн йилликларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари кучайтирилгани сабаб бундай йирик фожиалар камайган. Ҳозирги воқеа эса хавфсизлик стандартлари ва қурилиш ишлари устидан назорат масаласини яна кун тартибига чиқармоқда. 

Vernon Yuen/Nexpher/ZUMA Press Wire/Shutterstock
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид