Ўзбекистон | 11:57 / 06.01.2026
299
2 дақиқада ўқилади

Медиаторларнинг касб этикаси қоидалари давлат рўйхатидан ўтказилди

Адлия вазирлиги медиаторларнинг касб этикаси қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Қоидаларда медиатор фаолиятининг асосий принциплари, махфийлик ва холислик талаблари, шунингдек, тарафлар билан муносабатлардаги этик меъёрлар белгиланди. 

Фото: AP

Адлия вазирлиги томонидан медиаторларнинг касб этикаси қоидаларини тасдиқлаш ҳақидаги ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами: 3741, 05.01.2026). 

Қоидаларга кўра, медиаторлар касб этикаси меъёрларига қатъий риоя қилиши, медиаторлик фаолиятини ҳалол ва виждонан амалга ошириши, шунингдек, касб шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини сақлаши лозим.

Шунингдек, медиатор ўз фаолиятини махфийлик, ихтиёрийлик, медиация тарафларининг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ҳамда холислиги принциплари асосида олиб бориши, медиация жараёнида тарафларнинг тенг имкониятларга эга бўлишини таъминлаши белгиланган.

Қоидаларда медиаторларнинг тарафлар билан муносабатлардаги мажбуриятлари ҳам кўрсатилган. Жумладан, медиатор тарафларга медиациянинг мақсади, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, медиацияни ўтказиш тартиби ҳақида маълумот бериши, касбий малакаси ва иш тажрибаси тўғрисида ишончли ахборот тақдим этиши керак.

Бундан ташқари, медиатор тарафларга нисбатан ҳурмат ва хушмуомалалик кўрсатиши, уларни низони ҳал қилишнинг мақбул вариантларини излашга ундаши, музокаралар натижасини бир тараф фойдасига “кўзлаб” иш олиб бормаслиги лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид