Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президентга Самарқанддаги лойиҳалар ва Бухоро бош режаси тақдим этилди
Шавкат Мирзиёев халқаро маданий тадбирларнинг натижалари, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар ҳамда йирик маданият ва туризм объектларини барпо этишга оид тақдимот билан танишди.
Тақдимотда қайд қилинишича, айни пайтда Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган ЭКСПО-2030 кўргазмасида иштирок этишга тайёргарлик ишлари бошланиб, майдони 3,6 минг квадрат метр бўлган павильон қурилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, туризм соҳасини лойиҳа бошқаруви тизимига ўтказиш, туризм маҳсулотларини яратиш ва ривожлантириш бўйича ягона механизмни жорий этиш ҳамда йирик тадбирларни мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Мамлакат туризм салоҳиятини АҚШ, Форс кўрфази давлатлари, Ҳиндистон, Хитой ва Скандинавия каби устувор бозорларда илгари суриш бўйича янги маркетинг стратегиясини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистоннинг халқаро туристик платформалардаги иштирокини кенгайтириш, рақамли контентни ривожлантириш ҳамда йирик медиа ресурслари ва фикр етакчиларини жалб қилиш вазифалари белгиланди.



Тақдимотда йирик маданият ва туризм объектлари лойиҳалари кўриб чиқилди.
Самарқандда “Самарқанд мероси йўлаги” лойиҳаси иш бошламоқда. Регистон ансамбли, Бибихоним ва Шоҳи Зинда мажмуалари ҳамда Мирзо Улуғбек расадхонасини 6,6 километрлик ягона сайёҳлик йўналиши ўзаро боғлайди.
Самарқандда янги “Ипак йўли” музейини қуриш лойиҳаси тақдим этилди. Умумий майдони 19,5 минг квадрат метрни ташкил этадиган уч қаватли замонавий бино қурилиб, унда инклюзив муҳит, кўргазма заллари, экспонатларни сақлаш фондлари, шунингдек, таълим олишга мўлжалланган ҳудудларни яратиш кўзда тутилган.
Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳудудида ландшафт дизайнини янгилаш режалаштирмоқда. Янги музей биноси, иммерсив кўргазма заллари, ташриф буюрувчилар учун марказ барпо этилади. Пиёда йўлаклари ободонлаштирилиб, археологик объектлар ягона музей муҳитига уйғунлаштирилади.
Шунингдек, Бухоро шаҳрининг бош режаси тақдим этилди. Унда қулай шаҳар муҳитини шакллантириш, транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, конгресс-холл, амфитеатр, кутубхона, фуд-холл, чакана савдо ва тижорат объектлари ҳамда юқори тоифали меҳмонхонани ўз ичига оладиган кўп функцияли мажмуа сифатида тарихий-этнографик боғ барпо этиш назарда тутилган.
Муҳокама якунида президент маданият лойиҳаларини туризмни ривожлантириш вазифалари билан ўзаро боғлаган ҳолда амалга ошириш, уларнинг иқтисодий барқарорлиги ва сифатли бошқарувини таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Мавзуга оид
22:47 / 05.02.2026
Шавкат Мирзиёев ва Шаҳбоз Шариф самарали музокаралар натижаларини юқори баҳолади
22:44 / 05.02.2026
Шавкат Мирзиёев Покистондаги етакчи университетнинг фахрий доктори ва профессори бўлди
21:40 / 05.02.2026
Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Қўшма декларацияни имзолади
21:18 / 05.02.2026