Жамият | 08:29 / 02.02.2026
2662
2 дақиқада ўқилади

Чегара орқали ноқонуний дори олиб киришга уринган шахс қўлга тушди

ДХХ Чегара қўшинлари ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўшни давлатдан “ўзбек-қирғиз” чегарасини бузиб ўтган фуқаро қўлга олинди. Унинг ёнидан катта миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилди.

Фото: ДХХ

ДХХ Чегара қўшинлари ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасининг Фарғона вилояти Риштон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмини бузиб, қўшни давлатдан кириб келган Учкўприк туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган шахс қўлга олинди.

Холислар иштирокида ўтказилган текширувда унинг ёнида умумий баҳоси 1 млрд 320 млн сўмни ташкил этувчи 9 542 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди. Мазкур воситалар белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди.

Таъкидланишича, “Зардекс” дори воситаси таркибидаги “Прегабалин” моддаси Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сонли қарорига мувофиқ кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган бўлиб, унинг эркин муомаласи чекланган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисми, 246-моддаси 1-қисми ва 251-1-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид