«Манчестер Юнайтед» «Лестер»дан франциялик яримҳимоячи Нголо Кантени трансфер қилиш бўйича музокара ўтказмоқчи.

Goal.com хабарига кўра, манкунианлар клуби «Лестер»га футболчининг ёзги трансферлар вақтида сотилиши эҳтимоли бўйича мурожаат қилади. Бу масала шу ҳафтада «тулкилар»нинг «Манчестер Юнайтед»га қарши «Олд Траффорд»да кечадиган баҳсидан кейин кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, Кантенинг ўйинлари манкунианлар жамоасининг собиқ бош мураббийи Алекс Фергюсонга маъқул келган. Шотландиялик мутахассис ушбу футболчини трансфер қилишни «Манчестер Юнайтед» раҳбариятига тавсия этган.

Жамоа ушбу футболчи учун 20 миллион фунт стерлинг (27 млн евро) беришни мўлжаллаган. «Манчестер Юнайтед» бундан кўпроқ талаб этилса ҳам, навбатдаги таклифни билдириши мумкин. Кантенинг трансфери эвазига манкунианлар бразилиялик футболчиси Андреас Перейрани «Лестер»га ижарага беришга тайёр.

Бундан олдинроқ, «Юнайтед»«Бенфика»нинг 18 ёшли ярим ҳимоячиси Ренату Саншешга қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берилганди.