"Корзинка" савдо дўкони бугунги байрам арафасида уруш ва меҳнат фахрийларига 1500дан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди. Ижтимоий тармоқларда кўплаб фойдаланувчилар савдо маркази байрам арафасида қандай чегирма ёки акциялар ташкил этишни режалаштиргани тўғрисида саволлар қолдиришган эди. "Корзинка" раҳбари Зафар Ҳошимов қуйидаги саволларга ўз фикрини ёзиб қолдирди:

"Бизнинг фейсбукдги саҳифамизга жуда кўплаб саволлар келди. Менга хат ёзишди. Бир неча гуруҳларда “Корзинка” 9 майга бағишлаб қандай акция ва чегирмалар ўтказиши ҳақида саволлар йўллашди. Айниқса, ёшларнинг касса қаршисида “9 май учун чегирма борми?” деб сўраши жуда қизиқ эшитилди.

Мен барча саволларга қуйидагича жавоб бераман: Биринчидан, бизнинг дўконларимизда чегирма доим мавжуд. Иккинчидан, бугунги байрамда ҳайрия мақсадларига қаратилган барча қўшимча маблағларни биз шундай осуда ва тинч замонда яшашимиз учун қаҳрамонлик ва қурбонлик кўрсатган инсонларга чуқур миннатдорчилик билдириш ҳамда ёрдам кўрсатишга сарфлашга қарор қилдик. Шундай қилиб, биз бугун уруш ва меҳнат фахрийларига 1500дан ортиқ озиқ-овқат совғаларини тарқатдик.