Ўзбекистон санитар-ветеринария хизматлари Қозоғистонда куйдирги касаллиги авж олганлиги туфайли чегарадаги назоратни кучайтирган. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги Ўзбекистон республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария инспекцияси вакилига асосланиб хабар қилган.

Июнь ойи охирида Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида 9 киши куйдирги касаллигига чалинганлиги гумон қилиниб, юқумли касалликлар касалхонасига ётқизилганди. Кейинчалик беморларнинг 2 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазирлиги матбуот-хизмати берган маълумотларга кўра, Ерқиндик тумани аҳолиси орасида 8 киши шу касалга чалинган. Касаллик авж олган қишлоқ ҳандақ билан тўсиб қўйилди.

Бироз вақтдан кейин Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда — Жанубий-Қозоғистон вилоятида куйдирги касаллиги авж олгани ҳақида маълумотлар тарқалган.

"Бугунги кунда куйдирги касаллигини юқтириш ҳолатлари Ўзбекистонда қайд этилмаган. Аммо, шундай бўлса-да, бу ҳолат қаттиқ назоратга олинган. Қозоғистон билан чегарада, чегара пунктларида ҳар куни санитария-эпидемиология ходимлари навбатчилик қилишмоқда", — деган агентлик манбаси.

Манбанинг таъкидлашича, назорат-ўтказув пунктларида чегарадан олиб ўтилаётган маҳсулотлар қаттиқ назоратдан ўтказилиб, жониворлар эмланмоқда, аҳоли орасида вакцинация ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ветеринария Бош бошқармаси маълумотларига кўра, ёзги мавсумда жазирама туфайли юқумли касалликлар тарқалиши ҳолати авж олади. Шу туфайли ҳудудларда профилактика ишлари кучайтирилади.

Қозоғистонда куйдирги касаллигининг авж олиши муносабати билан Қирғизистон ўз чегарасидаги назоратни кучайтирган.

РИА Новости хабарида эслатилишича, 2014 йилнинг июлида Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида 30дан ортиқ киши "Сибир яраси" ташхиси билан шифохонага ётқизилганди.