Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Қозоғистонда 8 кишида куйдирги касаллиги гумон қилинмоқда, қурбонлар бор
19:05 / 21.06.2016
8178

Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти аҳолиси орасида куйдирги касаллиги гумон қилинаётган беморлар сони 8 нафарга етди. Улардан икки нафари ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Қозоғистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилди

"Ҳозирга қадар Қарағанда вилоятида куйдирги касаллигида гумон қилинган 8та ҳолат қайд этилган, иккитаси ўлим билан тугаган. 6 нафар бемор вилоятнинг инфекцион шифохонасида даволанмоқда ва уларга керакли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда", - дейилади вазирлик хабарида. 

Хабарда айтилишича, 7 июнь куни Еркиндик қишлоғидаги 5 нафар киши (бир оиланинг аъзолари) ветеринар кўригидан ўтказмасдан касал сигирни мажбурий сўйишган. Ўша куннинг ўзидаёқ унинг гўшти қишлоқда яшовчи 11 кишига сотилган. 11-14 июнь кунлари оралиғида зарарланган гўштни истеъмол қилган 8 киши касалланди, улардан етти нафари - Еркиндик аҳолиси, яна бири эса - Қарағандада истиқомат қилади (қишлоққа қариндошларникига меҳмонга келган бўлган).

Барча беморлар 18-19 июнь кунларида тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишган ва 20 июнь куни вилоят инфекцион касалхонасига жойлаштирилган. Беморларнинг барчасига тахминий "куйдирги" ташхиси қўйилган. Ҳозирда улардан олинган анализлар Миллий экспертиза марказининг ўта хавфли инфекциялар лабараториясига таҳлил учун жўнатилган. 20 июнь куни 1982 йилда туғилган бемор аёл вафот этди, 21 июнь куни эрталаб яна бир 1966 йилда таваллуд топган бемор ҳаётдан кўз юмди.


Улашинг
  • Теглар:
Top