Мадриднинг «Реал» жамоаси ҳимоячиси Пепе жамоа футболчилари Жозе Моуриньо бош мураббий бўлган вақтда руҳий томондан жуда қийин даврни бошдан кечиргани ҳақида сўзлаб берди. Пепе португалиялик мураббий ўз ҳаракатлари орқали одамларда «Реал»га антипатия (хуш кўрмаслик - таҳр) уйғотганини қайд этиб ўтган.

«Реал» мухлиси бўлмаган кишилар биздан Моуриньо туфайли нафратланишади. Яхши ҳамки у бизда фақат 3 йил ишлади. Карло Анчелотти келгач эса барчаси ўзгарганди. Мен ўшанда рақиб жамоа футболчиларининг ҳам бизга муносабатлари ўзгарганини сезгандим», - дея Пепенинг сўзларини келтирган Cadena Ser.

У Моуриньони «қаймоқранглилар»нинг ҳозирги бош мураббийи Зайнидин Зидан билан таққослаш бўйича фикрларини билдириб ўтган.

«Улар икки олам. Улардан бирини яхши деб, бошқасини ёмонроқ дейиш ўрнисиз. Моуриньода кучли жамоалар ва юлдузлар билан ишлашда катта тажриба бор эди. Зидан Примерадаги фаолиятни бошлаганига ярим йилдан кўпроқ вақт бўлди, лекин у Испания чемпионатида футболчи сифатида ўйнаган ва кўп нарсани тўғри тушунади», деган у.

Айни вақтда «Манчестер Юнайтед» бошқарувида бўлган Моуриньо «Реал»да 2010 йилдан 2013 йилгача ишлаган, Испания Кубоги (2010/11 йилги мавсум), мамлакат чемпионати (2011/12 йилги мавсум) ва Испания Суперкубоги (2012 йил) совринларини қўлга киритган.

Манба: Tribuna.uz