Халқаро шахмат федерацияси 20 сентябрь – 4 октябрь кунлари Россиянинг Ханти-Мансийск шаҳрида  ўсмир йигит ва қизлар ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпионати ташкил қилди. Унда 14, 16 ва 18 ёшгача бўлган шахматчилар иштирок этди.

Турнирда 61 мамлакатдан жами 412 шахматчи (221 йигит ва 191 қиз) иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоаси турнирга 6 нафар спортчи билан борганди.

Терма жамоа вакилларидан фақат биргинаси, Нодирбек Ёқуббоев (жаҳон рейтингида 2341 очкога эга) совриндорлар қаторидан жой олди. Ушбу ёш шахматчи 11 тур натижасига кўра, мусобақада қатнашган 76 нафар 14 ёшгача бўлган шахматчилар орасида учинчи ўринни эгаллаган ва бронза медали билан тақдирланган.

18 ёш тоифасида қизлар ўртасидаги баҳсларда олтин медални грециялик Ставрула Цолакиду олган. Шу ёш тоифасида ўғил болалар ўртасидаги мусобақаларда арманистонлик Мануэль Петросян ғолиб бўлган.

Ҳиндистон вакили Хагаване Аланкша ҳамда арманистонлик Хаик Мартиросян 16 ёшли шахматчилар ўртасидаги мусобақаларда тенгсиз бўлишган.

14 ёшлилар ўртасида эса хитойли Чжу Жинер ҳамда россиялик Семена Ломисова чемпионликка эришган.