Криштиану Роналду ЕЧЛнинг 3-турида «Легия»га қарши кечган ўйиндан кейин бу ўйинга ўзи таклиф этгани - нидерландиялик собиқ футболчи, ён амиотрофик склерозга қарши курашаётган Фернандо Риксен билан учрашди. 

Учрашувда мадридликлар жамоаси президенти Флорентино Перес ҳамда Роналдунинг агенти Жорже Мендеш ҳам бўлди.

Роналду Риксенга «Легия»га қарши ўйинда кийган футболкасини совға қилган.

Эслатиб ўтамиз, Риксен 2013 йилда бедаво касаллик билан оғриётганини маълум қилганди. У ўтган йили Санкт-Петербургда даволаниш курсини ўтаганди.

«Мен ён амиотрофик склерозни енга олган биринчи инсон бўлмоқчиман», – деган Риксен.

Маълумот учун, Риксен Шотландиянинг «Рейнжерс» клуби таркибида 188 та, Голландия терма жамоаси таркибида эса 12 та ўйин ўтказган. Шунингдек, у 2006–2009 йиллар давомида Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби шарафини ҳимоя қилган.