Бугун Ўзбекистон Фанлар академияси мажлислар залида фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденцияларига бағишланган халқаро симпозиум иш бошлади. 

Симпозиумда жаҳоннинг 26 мамлакатидан 85 нафар физик олим ва тадқиқотчилар иштирок этмоқда. Тадбирни Ўзбекистон Фанлар академияси президенти академик Шавкат Салихов ва Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор Аваз Марахимов қутлов сўзи билан очиб берган. 

Халқаро симпозиум пленар йиғилиши “Спектр-Рентген-Гамма" орбитал обсерваторияси профессори Рашид Сюняев маърузаси билан бошланди. 

Олим йиғилганларни обсерватория илмий дастури билан таништирди. Унинг маърузасидан дастурнинг бошланиш тарихи, унинг доирасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, келгуси режалар ҳақидаги маълумотлар ўрин олди.

Маърузада таъкидланишича, “Spektr-Roentgen-Gamma" илмий аппарати Қуёш Ер тизимининг Ердан 1,5 млн км узоқликдаги Л2 либрация нуқтасига 3 ой давомида чиқарилади. Мазкур дастур 4 йиллик муддатда фаолият олиб боради. Унинг асосий мақсади – коинот харитасини тузиш ҳисобланади. Ушбу харитада галактикаларнинг йирик тўдалари акс этади. 

Бу ҳақида сўзлаб берар экан, профессор Сюняев коинотнинг бундай кенг масштабли хариталарини вақт бўйлаб саёҳатга қиёслади. 

Дастур доирасида коинотдаги барча галактикаларни кузатиш ва ўрганиш назарда тутилмоқда. Уларнинг умумий сони тахминан 100-150 мингтани ташкил этади. 

Маъруза якунида профессор Сюняев Ўзбекистондаги Майданак обсерваториясининг космик кузатув имкониятлари ҳақида сўз юритиб, ўзбекистонлик астрофизик олимларни ҳам ушбу кенг қамровли лойиҳада иштирок этишга чорлади. 

Навбатдаги маърузачи – Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти директори, профессор Шуҳрат Эгамбердиев ўз сўзини Ўзбекистоннинг илмий салоҳияти, асрлар давомида тўпланган бой илмий мероси ҳақидаги маълумотлар билан бошлади. Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” жадвали, Самарқандда ўрта асрларда ташкил этилган обсерваториянинг жаҳонда астрофизика ривожига қўшган ҳиссаси яна бир карра таъкидланди. Профессор Эгамбердиевнинг маърузаси Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган Майданак обсерваторияси фаолияти, унда олиб борилаётган астрофизик тадқиқотлар мавзусига бағишланди.

Жанубий кореялик физик олим, профессор Ли Боом Хуннинг маърузаси эса сўнгги йилларда долзарб ва қизиқарли мавзуга айланган голография (предметларнинг 3D ўлчамдаги тасвирларини акс эттириш) ва бу соҳада назарий физикадаги сўнгги тадқиқотларга бағишланди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро симпозиум ўзбекистонлик олимларнинг халқаро илмий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, фан ва технологиялар соҳасининг энг сўнгги ютуқ ва янгиликларидан хабардор бўлишга қулай имконият бўлиш билан бир қаторда, ёшларнинг илмий салоҳиятини рағбатлантириш ва илмий фаолиятга қизиқишини орттириш каби мақсадларга хизмат қилади.