Kia Niro кроссовери дунёдаги энг тежамкор гибрид автомобиль деб тан олинди. У АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридан Лос-Анжелес шаҳригача бўлган масофани босиб ўтган. Ушбу натижа Гиннесс рекордлар китобидан жой олди, деб хабар қилмоқда Мотор.ру сайти. 

Йўлтанламас АҚШнинг шарқий соҳилидан ғарбий соҳилигача бўлган салкам 6 минг км масофани атиги 183,6 литр сарфлаб ортда қолдирган. Шундай қилиб, Kia Niro гибриди ушбу сафар учун ҳар 100 кмга ўртача 3,07 литр ёқилғи сарфлаган. 

Kia компанияси вакилларининг қайд этишича, ушбу саёҳатда ҳеч қандай модернизация қилинмаган стандарт кроссовердан фойдаланилган.

Kia компаниясининг гибрид моторли илк кроссовери 2016 йил февралида Чикаго автосалонида дебют қилган эди. Унга 105 от кучига эга атмосферали мотор ва 43 от кучига эга электр агрегат ўрнатилган. Машинани икки сиқувчили олти босқичли автоматик узатмалар қутиси ҳаракатга келтиради.