Биткоин нархи илк бор жаҳон бозорида бир олтин унцияси қийматидан ошиб кетди. Бундан савдолар ҳақидаги маълумотлар дарак бермоқда.

Пайшанба кунги ҳолатга кўра, Kraken электрон биржасида биткоин нархи 2,45 фоизга ўсиб, бир биткоин учун 1255 долларни ташкил қилди. Нью-Йоркдаги Comex биржасида эса олтин учун апрель фьючерси 17,20 долларга ёки 1,38 фоизга тушиб кетиб, унция учун 1232,80 долларни ташкил этди.

CryptoCompare асосчиси ва бош ижрочи директори Чарльз Хейтернинг фикрича, криптовалюта қийматининг ўсиши унга бўлган талабнинг ортгани билан боғлиқ. Сармоядорлар биткоинни хавфсиз актив сифатида ёки акциялар қиймати тушиб кетганда сотиб олишмоқда, деб ёзади MarketWatch агентлиги.

Шунингдек биткоин курсига АҚШнинг қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси биринчи биржа сармоя биткоин-жамғарма Winklevoss Bitcoin’ни рўйхатдан ўтказишни маъқуллаши мумкинлиги ҳам таъсир кўрсатмоқда. Идора ўз қарорини 11 мартга қадар қабул қилиши керак.

Молия амалиётлар учун ишлатиш мумкин бўлган биткоин виртуал валютаси 2009 йилда пайдо бўлган. Уни интернетда товар ва хизматларни харид қилиш, шунингдек анъанавий валюталардан бирига алмаштириш ҳам мумкин. Ўтган йилда кўплаб ғарб банклари биткоинлар билан ишлашни бошлашгани ҳақида маълум қилишган.