Алексей Навальныйнинг Коррупцияга қарши кураш фонди директори Роман Рубонов Тергов қўмитасига Россия бош вазири Дмитрий Медведев ҳамда миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан жиноий иш қўзғатишни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда РБК хабар ёзган.

Рубанов Жиноят кодексининг 290 ва 291-моддалари бўйича иш очишни таклиф этган. Мурожаатда 2010 йилнинг августида Усмонов Москва яқинида жойлашган Знаменское қишлоғида уй ва ер участкасини ижтимоий-маданий ташаббуслар фондига совға қилган. Бу фондга эса бош вазирнинг рафиқаси Светлана Медведева президентлик қилади, фондга берилган мулк қиймати 5 миллиард рубль миқдорида экани айтилган.

Коррупцияга қарши кураш фонд вакиллари Тергов қўмитасига мурожаатида аниқлик киритишича, фонд кузатув кенгаши раиси Медведевнинг курсдоши Илья Елисеев, бош директор эса унинг бошқа бир курсдоши Алексей Четвертков ҳисобланади.

«Усмоновнинг тадбиркорлик фаолияти давлат шартномалари, шунингдек, Медведев қабул қиладиган норматив ҳужжатларга боғлиқ бўлгани туфайли, 5 миллиард рубллик кўчмас мулкнинг бу тарзда берилиши пора ҳисобланади», — дейилган аризада.

Рубанов РБК мухбири билан суҳбатда Коррупцияга қарши кураш фонди Адлия вазирлиги ҳамда ИИВдаги камомадлар бўйича ҳам шикоят қилмоқчи эканини билдирган. У шунингдек, Россия ҳукуматига ва президент маъмуриятига коррупция бўйича сўров жўнатмоқчи. Рубановнинг қайд этишича, унинг бу мурожаати ҳукумат раҳбари Дмитрий Медведев ҳамда тадбиркор Алишер Усмонов муносабатлари бўйича бўлади.

Бундан олдинроқ, Навальный Медведевнинг «махфий империя»си фош этгани ҳақида хабар берилганди. Унда Медведев «энг обрўли мавзеларда уй-жойлар, яхталар, квартиралар, Россия ҳамда хорижда агромажмуалар ҳамда винозаводлар»га эгалик қилиши билдирилганди.

Кейинроқ Медведевнинг матбуот котиби Наталья Тимакова бу материал президентлик сайловида номзод сифатида иштирок этиши кутилаётган Навальныйнинг «сайловолди кампаниясини ифодалаш характери»га эга эканини билдирди.