Жамоат жойларида, оила-турмуш доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида, судлар томонидан жамоат ташкилотлари, профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда сайёр суд мажлислари ўтказилди. Ҳафта давомида аниқланган 164та майда безорилик, 18та енгил тан жароҳати етказиш каби ҳуқуқбузарликлар айнан шундай сайёр судларда муҳокама қилинди.

Яшнобод туманида ўтказилган шундай сайёр суд мажлисларида Кун.uz сайти мухбири ҳам иштирок этди. Улардан бири тумандаги “Авиасозлар” маҳалласидаги 226-ўрта таълим маскани биносида бўлиб ўтди. Унда маст ҳолатда машина бошқарган фуқаронинг қилмиши муҳокама қилинди. У аввал ҳам маст ҳолатда автомобиль бошқаргани учун 2 йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган. Унга ушбу иш бўйича маъмурий таъсир чора қўлланилди.

Фуқаролар томонидан паспорт-виза тартиби қоидаларига амал қилишини таъминлаш, қонун бузиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида, ўтказилган “паспорт-виза” тадбири давомида, 553 нафар фуқаролар вақтинчалик рўйхатга туриш қоидаларини бузганлиги, 68 нафар фуқаролар ноқонуний яшаш учун шароит яратиб берганлиги ҳолати аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий таъсир чоралари кўрилди. Бу ҳақда Тошкент Шаҳар ИИББда бўлиб ўтган матбуот брифингида Дониёр Тошхўжаев маълум қилди.

Муқаддам судланганлар, профилактик ҳисобда турувчилар ўртасида ҳам профилактик ишлар амалга оширилди. Жумладан, 804 нафар муқаддам судланган шахслар, 1062 нафар ички ишлар идораларининг профилактик ҳисобида турган шахслар билан суҳбатлар ўтказилди. 

Жойларда ўтказилган рейдлар, учрашувлар ва мулоқотлар давомида аниқланаётган муаммолар таҳлил этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб борилмоқда.