Қозоғистон-Ўзбекистон бизнес-форуми чоғида 1 миллиард долларлик 75та шартнома имзолаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Оқўрдада бўлиб ўтган икки томонлама учрашувда маълум қилган. 

«Бугун катта бизнес-форум бўлиб ўтмоқда, икки томондан 500 бизнесмен қатнашмоқда. Менга айтишларича, қарийб бир миллиард долларлик 75 та шартнома тузилади. Бу сўнгги йиллар ичида тарихимизда биринчи марта кузатилмоқда», — дея унинг сўзларини келтирган Tengrinews.kz.

Бундан олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси президентнинг ташрифи вақтида Остонада Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форуми ўтказилишини маълум қилганди.

Тадбир Остонадаги «Мустақиллик саройи»да Ўзбекистон ва Қозоғистон томонларининг тақдимотлари форматида бўлиб ўтади, шунингдек, мамлакатлар компаниялари ўртасида икки томонлама музокаралар ҳам ўтказилади.

Бизнес-форумни ўтказишдан мақсад икки мамлакат компаниялари ўртасида кооперация алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, қўшма корхоналар яратиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини ўрганиб чиқишдан иборат.