Ўзбекистон Президентининг 18 апрелдаги фармони билан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фармон «хусусийлаштирилган давлат мулки негизида хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини сифат жиҳатдан ўзгартиришни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини хусусийлаштирилгандан кейин амалий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида» қабул қилинган.

Хусусийлаштирилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш ва самарадорлигини оширишни ҳар томонлама кенг қўллаб-қувватлаш, шу асосда аҳоли даромадларининг барқарор ўсишини таъминлайдиган янги иш ўринларини яратиш, ушбу мақсадларда ваколатли давлат органлари, молия ҳамда бошқа бозор тузилмаларининг Савдо-саноат палатаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан мустаҳкам хамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштириш қайта ташкил этилган давлат қўмитасининг «ғоят муҳим вазифаси» деб белгиланган.

Фармонга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январига қадар муттасил янгиланиб турувчи:

  • солиқ, статистика ва кадастр органларининг маълумотлар базаси билан ўзаро электрон алоқани таъминлайдиган тармоқлар, ҳудудлар ва турли хусусийлаштириш шакллари кесимида давлат мулкининг хусусийлаштирилган объектлари бўйича маълумотлар базасини;
  • бўш ётган ва самарасиз фойдаланилаётган хусусийлаштирилган объектлар, ишлаб чиқариш майдонлари ва қурилиши тугалланмаган объектлардан хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун фойдаланиш мақсадида уларнинг ҳудудий реестрларини;
  • хусусий бизнесни ташкил этиш учун тадбиркорларга таклиф этилаётган бўш ётган давлат мулки объектларининг ҳудудий реестрларини яратиши лозим.

1 июндан бошлаб ҳар бир туманда хусусийлаштирилган объектлар негизида лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлар учун касб-ҳунар коллежларининг биноларида ўқув машғулотларидан бўш вақтда ўқув курслари ташкил этилади.

Янги иш бошлаётган тадбиркорларга бизнес-режалар тайёрлашда, зарур ахборотни олишда ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш билан боғлиқ амалий масалаларни ҳал этишда уларга эксперт, ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш учун бизнес-инкубаторларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Давлат қўмитаси икки ҳафта муддатда 2017—2018 йилларда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаши лозим.

Қўмита ҳузуридаги Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар жамғармаси негизида Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилади.