Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида янги раҳбарлар тайинланди. «Кун.uz» берган маълумотга кўра, шаҳарга Жалилов Раҳматали Қамбарович янги ҳоким бўлган. У 11 апрель куни ўтказилган видеоселектор давомида президент томонидан ишдан олинган Абдуллаев Акрамжон ўрнида иш бошлади.

Жалилов Раҳматали Қамбарович 1958 йили Ўзбекистон туманида таваллуд топган. 1982 йили Тошкент Политехника институтини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-технолог, иқтисодчи -бошқарувчи. 1996 йили Давлат президент академиясини тамомлаган. Оилали, 4 нафар фарзанди бор.

Бунгача Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган. Жиззах, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларидаги қурилиш ишларида  Ўзбекистон Республикаси президентининг ишончли вакили бўлган.

Шу видеоселектор давомида ишдан олинган  шаҳар прокурори, солиқ бошлиғи ва ички ишлар бошлиғи ўрнига ҳам янги раҳбарлар тайинланган.

Эндиликда Қўқон шаҳар прокурори лавозимида Бувайда тумани прокурори лавозимида ишлаб келган Фозилов Ғайратжон Собирович иш бошлади.

Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимига Учкўприк тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган Ғофуров Зиёҳиддин Нигматович тайинланди.

Қўқон шаҳар Давлат Солиқ Инспекцияси раҳбари лавозимига, ушбу идорада раҳбарнинг биринчи ўрибосари лавозимида ишлаган Усмонов Ҳусанхон Султонхонович тайинланган.