Яқин вақтлар ичида Хитойда Ўзбекистоннинг ахборот агентлиги очилиши мумкин. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лицзе 22 апрель куни ёш журналистлар билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўтказилган учрашувида гапириб ўтди.  

Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ва турли соҳалардаги ислоҳотларни бевосита ёритиб бориш бўйича ахборот алмашинувини янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган мазкур агентлик юзасидан музокаралар давом этаётгани маълум қилинган.

Бундан ташқари, маданий соҳада кинотеатрлар фаолияти, инфратузилмаси ва тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари юзасидан ҳам янги лойиҳалар бошлангани қўшимча қилинди. 

Талабалар билан кечган мулоқот давомида элчи, шунингдек, фаолият бошлаганига кўп бўлмаган Тошкентдаги Халқаро пресс-клубнинг илк йиғилишида иштирок этгани, ундан олган катта таассуротларини ўртоқлашган.