Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги Учтепа туманига ташриф буюриши ва ушбу сафар чоғида таълим тизимидаги ишларга баҳо бериши, жумладан, 11 йиллик тизимни қайта тиклаш борасида билдирган фикри жамият томонидан илиқ кутиб олинди, десак муболағага йўл қўймаган бўламиз. Хусусан, ушбу мавзу юзасидан оммавий ахборот воситаларида билдирилаётган фикрлар ҳам ранг-баранг тус олмоқда. Ҳар ким ўз фикрини билдиришга ошиқмоқда.

Кун.uz томонидан ҳам мазкур мавзу тилга олинган бир қанча таҳлилий мақолалар эълон қилинди. Ана шундай мақолалардан бири «Йўқотилган авлод ёхуд 11 йиллик таълим тизими атрофида кечган ўйлар» сарлавҳаси остида берилган бўлиб, унда бу тизимнинг ижобий томони ҳақида сўз боради. Куни-кеча таҳририятимизга келиб тушган мактублардан бирида ушбу мақолага ўзига хос тарзда раддия билдирилган. 

“Ассалому алайкум! Мен доимий равишда Кун.uz сайтини кузатиб бораман. Бугун ҳам сайт янгиликларини кузата туриб, «Йўқотилган авлод ёхуд 11 йиллик таълим тизими атрофида кечган ўйлар» сарлавҳали мақолага кўзим тушди.

Қизиқиб, мақолани ўқиб чиқдим ва очиғини айтганда, жаҳлим чиқди. Мақола муаллифи мақола бошида бу барчаси унинг ўз шахсий фикрлари эканлигини билдирган бўлса-да, лекин мақола орасидаги айрим жумлаларда «барчанинг фикри аслида шундай», маъносидаги гаплар эътиборимни тортди ва мен бу фикрларга ўз эътирозимни билдирмоқчиман. 

Жумладан, мақола муаллифининг «Аммо аччиқ ҳақиқат шундаки, мен ҳам кўпчилик каби шу вақтгача ҳақиқат кўзига тик қарай олмадик. Натижада кўп нарса йўқотдик, ҳа, жуда кўп нарса — бутун бир авлодни йўқотдик. Аниқроқ айтиш ҳам мумкин, одоб-ахлоқ емирилди, ёшлар ўртасида бир неча салбий кўрсаткичлар, жумладан, жиноятчилик ҳам ортди, вояга етмаган ғўр ёшлар илк марта ўқишга киришдаги ва баҳолашдаги тамагирликни ҳамда бандликни таъминлашдаги кўзбўямачиликнинг бевосита гувоҳига айланишди, бу уларнинг мурғак онгида қанчалик асорат қолдирганини ўйлашнинг ўзи даҳшат», деган сўзларига қуйидаги эътирозимни билдирмоқчиман: 

Аслида, сиз ва бошқалар мактаб таълими яна 2 йилга узайганидан эмас, ўзингиз ўқиган, кўниккан таълим тизими қайта тикланаётганидан хурсандсиз, холос. Сиз ва бошқалар 11 йиллик таълим орқали эришиш мумкин бўлган натижаларга эмас, ёшлик пайтларингиз эсингизга тушгани, 1-синфдан то 11-синфгача битта ерда «тош қотиб» ўтирганларингиз хотираси жонланганидан шодланиб кетгансиз. 

Тўғри, 11 йиллик мактаб таълими орқали бир қатор устувор натижаларга эришиш мумкин, лекин 9 йиллик мактаб таълимини «бутун бир авлоднинг йўқотилиши», деб аташ, бу кўр-кўрона ҳукм қилишдир!

Айниқса, сизнинг «одоб-ахлоқ емирилди, ёшлар ўртасида бир неча салбий кўрсаткичлар, жумладан, жиноятчилик ҳам ортди», деган сўзларингиз, сиз шунча йил халқ орасида бўлиб, вазиятга бармоқлар орасидан қараётганингизни билдиради. 

«Одоб-ахлоқ емирилди». Аслида ундай эмас, аслида одамларда «фаҳм-фаросат» пасайди, холос. Бунда айбни таълим тизими ёки ўқувчи-ўқитувчидан эмас, ўзимиздан, ота-оналар ва ўқувчини ўраб турганлардан қидириш керак. Ҳозирги кунда айрим ота-оналар «мактаб тарбияни ҳам бериши керак, бу вазифа ота-онани вазифасига кирмайди», деган фикрга келган. Лекин, ўқитувчи ўқувчига бир бор қаттиқ гапирса, ўша ота-она мактабга келиб, ўқитувчининг обрўсини ер билан битта қилиб, уни ишдан ҳайдашгача боришмоқда ва ўз фарзандларига «ўқитувчинг аслида ҳеч ким, у сени уришишга ҳам, жазолашга ҳам ҳақи йўқ» қабиладаги фикрларни сингдирмоқда, табиийки, бундай фикрда улғайган авлод таълимни назар-писанд қилмаяпти.

«Жиноятчилик ортди». Шу танқидингизга жавобан савол берсам, жиноятни кимлар қилмоқда?! Жиноятни ўзига тўқ бўлган, ўқитувчининг мурожаат ва эътирозларини писанд қилмайдиган оила фарзандлари содир этмоқда. Боровский коллежи ўқувчилари содир этган жиноят ҳам ўзига тўқ оила фарзандлари томонидан қилингани бунга яққол мисолдир.

«Баҳолашдаги тамагирлик» ҳам, ота-она фарзанди таълимига бармоқ орасидан қараши, пул билан барча муаммосини ҳал қилиш мумкин эканлигини фарзандига сингдириши орқали юзага келмоқда.

Шундай экан, таълим тизимига эътироз билдирманг. Авлод йўқотилгани йўқ, авлод ўзидан олдингилар ёхуд ўз яқинлари томонидан йўлдан адаштирилди. Агарда халқимизга хос бўлган раҳимдиллик, ота-онасини ҳурмат қилиш каби одатлар чекланса, айрим ота-оналар ўз унвон ва лавозимини муаллимларга рўкач қилмасдан фарзандига тўғри тарбия берса, барчасини яна қайта изга солиш мумкин.

«Кун.уз’да берилган маълумотларга кўра, ота-оналарнинг 70 фоизи мактабларда 10- ва 11-синфлар очилишини, фарзандлари лицей ёки касб-ҳунар коллежларидан кўра, мактабда ўқишни давом эттиришларини ёқлашмоқда». Ҳа, ота-оналарнинг 70 фоизи 10- ва 11-синфлар очилишини ёқлашди-ю, 30 фоизи рад этди. 30 фоиз бу жуда йирик кўрсаткич аслида, демак, халқ ҳануз иккиланишда!

«Агар шу сўровнома вилоятларда, олис туман ёки қишлоқларда ўтказилса, ишончим комилки натижа 90 фоиздан кам бўлмайди». Сиз масаланинг бошқа томонини ҳисобга олмагансиз. Ўқувчилар-чи?! Ўша 10- ва 11-синфни ўқийдиган ўқувчилар-чи?! Уларнинг ҳам фикрини кимдир ҳисобга оладими?! Ёки умрини 2 йилини яна ўша мактабида ўтказувчи ўқувчиларни фикри ҳеч кимга қизиқ эмасми? Қўшимчасига, ҳеч бир ота-онага «фарзандингиз 9 йил борган мактабга яна 2 йил келади, бу билан у дипломсиз, иш тажрибасисиз, эркин дунёқарашсиз қолади, янги фанлар деярли ўргатилмайди», каби тушунтирув гаплари айтилмади.

Сўровномада қатнашган ва 11 йилликни ёқлаган барча ота-оналар 11 йиллик таълимда ўқигани учун ёшлик хотираси уйғониб, ижобий жавоб берган. Бу холис фикр эмас, холис фикр деб ҳеч қандай туйғу ва шахсий манфаатлар аралашмаган фикрга айтилади. Бу сўровни 5-синфдан 9-синфгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиш керак эди! 

Сиз санаб ўтган «Мактабларда 11 йиллик таълим қайта жорий этилишининг афзал томонлари» — олди-қочди гапдан бошқаси эмас. «Йўл харажатлари, ётоқ муаммоси, турли гуруҳларга қўшилиб кетиш» — ҳозирги мактаб ўқувчилари орасида ҳам мавжуд, бунда коллеж-лицейларни айбдор қилишнинг кераги йўқ. Коллеж ва лицейларда юзага келадиган тамагирликни оладиган бўлсак, бунда ҳам ота-она айбдор, ўз фарзандини ўқишга юбормайди, уни содир этаётган ишларига кўз юмади, ўз қўли билан таълим мутасаддиларига пора тутқазади ва уларни яна ёмон отлиқ ҳам қилади. 

Вояга етмаган болалар маҳалланинг кўз ўнгида бўлиши — ҳеч қандай имтиёз ёки имконият бермайди, ҳеч бир маҳалла бировнинг оилавий ишига аралаша олмайди, айниқса, ўша оила молиявий томондан етарлича таъминланган бўлса!

Фуқаролар ва ёшларни ҳукуматга бўлган ишончини қайтариш учун эса ўша ўз унвон-мартабасини рўкач ва суиистеъмол қилувчи ота-оналарни жазолаш керак. 

Сиз «Мактабларда 11 йиллик таълим қайта жорий этилишининг «салбий» томонлари»га «таълимдан сўнг ўқувчилар қўлида ҳунари ва дипломи бўлмаслиги», деб жавоб бергансиз — сизнингча бу арзимаган нарсами? Ҳозирги куннинг ўзида бирор бир корхона ёки ташкилотга борсангиз, сизга биринчилардан бўлиб бериладиган савол «иш тажрибангиз борми?» бўлади. «Йўқ» деган жавоб сизнинг имкониятларингизни камайтиради. Фақат мактабни ўқиган ўқувчи қаерга бориб ишга жойлашади? Нима билан шуғулланади? Балки, ёшлар орасида жиноятчиликнинг кўпайиб кетаётганига шу сабаб эмасмикан?

Аслида 11 йиллик таълимнинг шу йилиёқ жорий этишга уринишнинг қатор камчиликлари мавжуд:

• Ҳали ишлаб чиқилмаган дарслар ва дарс ўтиш дастури;

• Ўқув қўлланмалар ва дарсликлар йўқлиги;

• Етарлича улкан харажат;

• 11-синфдан кейин ўқувчиларнинг нима билан банд бўлишлари ҳақида аниқ бир фикр йўқлиги.

Менинг фикримча, 11 йиллик таълимни камида 3 йил аниқ ва пухта ишлаб чиқилган дастур асосида амалга оширган дуруст. 

Холис танқидчи